Университетда янги ўқув йили бошланди
Бухоро давлат университетида 2024-2025 ўқув йилининг бошланишига бағишланган “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда университет профессор-ўқитувчилари, ишчи ходимлар, талабаликка тавсия этилган ёшлар қатнашди.
Тадбирда университет ректори Обиджон Ҳамидов сўзга чиқиб янги ўқув йилининг барча талаба ва ўқитувчилар учун муваффақиятли бўлишига тилакдош эканини билдирди. Университетнинг ютуқлари ва келгусидаги режаларига тўхталиб, илмий салоҳиятни янада ошириш ҳамда талабаларга замонавий таълим беришда ислоҳотларнинг муҳимлигини таъкидлади.
Бухоро давлат университети 2024-2025 ўқув йилида 66 та бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда 33 та магистратура мутахассисликлари бўйича қабул амалга оширилди.
[gallery-19173]
Бухоро давлат университети 2024-2025 ўқув йилида тест натижалари бўйича жами 3983 нафар абитуриент талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Жумладан, 890 нафар абитуриент давлат гранти асосида, 3093 нафар абитуриент тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинди.
– Қувонарлиси 3983 нафар абитуриентларнинг Бухоро давлат университетида ўқиш истагини билдирганидир, – дейди университет ректори Обиджон Ҳамидов. – Энг кўп танлов амалга оширилган таълим йўналишлари сифатида Юриспруденция 254, Иқтисодиёт 212, Филология тилларни ўқитиш: инглиз тили 172 нафар абитуриент ўқиш истагини билдирган.
– Мен Бухоро давлат университетининг Юриспруденция йўналишига биринчи ўрин билан талабаликка тавсия этилдим, – дейди Фарангиз Каттаева. – Аввало, ота-онамга, устозларимга ва давлатимизга биз ёшларга қаратилаётган эътибор учун ташаккур билдираман. Келгусида барча соҳаларда фаол бўлишга ҳаракат қиламан. Юртимиз равнақига ҳисса қўшадиган етук кадр бўлиб етишишга ваъда бераман.
– Жорий йилги олий таълим муассасаларга кириш имтиҳонларида мен максимал 189 баллни олиб Бухоро давлат университети Филология ва тилларни ўқитиш: инглиз тили йўналишига грант асосида талабаликка тавсия этилдим, – дейди Рухсора Исмоилова. – Келажакда инглиз тили фанидан мактабимизда ўқувчиларга таълим бермоқчиман.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилояти минтақавий вакили Абира Хусейнова ҳам қатнашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.