Университетда янги ўқув йили бошланди
Бугун мамлакатимиздаги барча таълим муассасаларида янги 2021-2022 ўқув йилига старт берилди.
Самарқанд давлат университетида ҳам янги ўқув йили Мустақиллик дарслари билан бошланди. Ўқув йили очилишига бағишланган тантанали тадбирда университет ўқув ишлари бўйича проректори Аҳмаджон Солиев сўзга чиқиб, жорий йилда талабалик бахтига муяссар бўлган ёшларни табриклади ва уларга улкан муваффақиятлар тилади.
Тадбирда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қабул квоталари оширилгани, алоҳида имтиёзлар жорий этилгани, бунинг самарасида таълим сифати ўзгараётганини алоҳида таъкидлади.
– Самарқанд давлат университети тарих факультетига давлат гранти асосида ўқишга кирдим, – дейди Маржона Нарзуллаева. – Талабалик бахтига муяссар бўлганимдан жуда хурсандман. Мен келажакда Самарқанд давлат университетида етук тарихчи мутахассис бўлиб чиқишни ният қилдим.
– Ушбу университетга хотин-қизларга ажратилган квота асосида давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим, – дейди 1-босқич талабаси Умида Ҳасанова. – Президентимиз ташаббуси билан ажратилган квота мен каби талаба бўлиш орзусидагилар учун катта имкониятдир. Ёшларга шундай имкониятлар яратиб берилаётган экан, биз катта шижоат ва ташаббуслар билан олдинга ҳаракат қилмоғимиз, яхши ўқишимиз зарур.
Шу куни Самарқанд давлат университети Ўзбекистон – Финляндия педагогика институтининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Тадбирни институт директори вазифасини вақтинча бажарувчи Акрам Бегматов очди.
– Бугун янги институтимизда биринчи ўқиш куни. Барчамизда ҳаяжондамиз, – дейди СамДУнинг Ўзбекистон – Финляндия педагогика институти 1-босқич магистранти Озода Жуманова. – Жаҳон стандартларига мос таълим бериладиган ушбу институт илк бор олий педагогик таълимда Финляндия тажрибасини қўлланадиган таълим маскани ҳисобланади.
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими