Университетда “Талабалар хавфсизлиги куни”
Бугун ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик кўчасига кириб қолишдан асраш ҳар бир таълим муассасаси олдида турган энг муҳим вазифадир. Чунки замон шиддатли, унда ғоялар, манфаатлар кураши тобора авж олмоқда. Шундай вазиятда ёшларни қўллаб-қувватлаш, тўғри йўлга йўналтириш талаб этилади.
Бу борада Наманган давлат университетида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни – “Талабалар хавфсизлиги куни” этиб белгиланган. Ушбу кунда профилактика инспекторлари ҳамда университет масъул раҳбарлари иштирокида суҳбатлар ўтказилади. Бугунги профилактик тадбирларда ҳам жиноятчиликнинг олдини олиш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш, гиёҳванд моддалар истеъмолидан ва бошқа зарарли одатлардан сақланиш хусусида сўз борди.

Талабаларнинг ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланиши, киберхавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ва онлайн таҳдидлардан ҳимояланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бунда мутахассислар талабалар билан ўз шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш, номаълум ҳаволалар орқали шахсий ахборотларни улашмаслик ва интернетда фирибгарликдан сақланиш бўйича ўз маслаҳатларини берди.
Университетнинг маънавий-маърифий ишлар ва ёшлар масалалари бўйича биринчи проректори, сиёсий фанлар доктори Наримон Деҳқонов, ёшларнинг маънавий юксалишига кўмаклашиш департаменти бошлиғи Шерали Жўраев ҳамда профилактика инспекторлари иштирокидаги суҳбатларда талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни турли танловларга жалб этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

Наманган давлат университетида жорий ўқув йилида ёшларнинг маънавий юксалишига кўмаклашиш департаментининг “Истеъдодли талабалар билан ишлаш” сектори томонидан бир қатор лойиҳалар амалга оширилиши назарда тутилган. “Тафаккур соҳили”, “Бир ҳафтада бир китоб”, “Заковат” ва “Заковат ҚУИЗ”, “Овоз” ва “Нотиқлар клуби” номли баҳсга чорловчи тадбирлар, бундан ташқари, бир неча йўналишдаги спорт мусобақалари ана шундай лойиҳалар жумласидан. Ўқув йили давомида 10 та лойиҳа амалга оширилиб, уларда 50 минг нафар талаба қамраб олинади. Фаол иштирокчилар ва танловлар ғолиблари декабрь ва май ойларида рағбатлантириш бунинг учун университет томонидан 250 миллион сўм маблағ ажратилган.

Таъкидлаш лозимки, бу каби лойиҳалар ўзини том маънода оқлаб келмоқда. Ўтган ўқув йилларида биргина “Заковат” интеллектуал ўйини ғолиби сифатида университет билимдонларининг республикада юқори натижа кўрсатгани, волейболчи талаба-қизларнинг республика мусобақаларида ғолиб бўлгани фикримиз далили. Университет ҳамда талабалар турар жойларида фаолият кўрсатаётган ўнлаб йўналишдаги тўгараклар, ўтказилаётган спорт мусобақалари ҳар бир талабанинг иқтидори ва қизиқишини кучайтирибгина қолмасдан, уларни турли хавф, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик содир этишдан, ёт ғоялар таҳдидидан ҳимоя қилишга ҳам хизмат қилмоқда.
Бугунги тадбир якунида талабалар ўртасида хавфсизлик борасида тушунча ва масъулиятни ошириш мақсадида буклет ва эслатмалар тарқатилди. Бу каби тадбирлар университетда доимий равишда ўтказилади ва талабалар хавфсизлиги доимий назоратда бўлади. Талабаларнинг бўш вақтлари эса мазмунли ўтиш асносида, уларни янги мақсад, марра ва ғалабалар сари руҳлантиради.
Санжарбек Ҳамидов,
Наманган давлат университети “Пресс-клуб” раҳбари.
ЎзА