Университетда қабул жараёнлари бошланди
Навоий давлат кончилик университетида 2023/2024 ўқув йили учун қабул жараёнларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда университет ректори Бахтиёр Мардонов 2023/2024 ўқув йили қабулини юқори савияда ўтказиш мақсадида ташкил этилган қабул комиссияси фаолияти, давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари ҳақида маълумот берди.
Таъкидланганидек, янги ўқув йилида бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида давлат гранти ўринлари сони 305 тани, магистратура бўйича эса 71 тани ташкил этади. Яқин кунларда тўлов шартнома асосидаги кундузги ва сиртқи таълим шаклидаги ўринлар сони ҳам тасдиқланади. Шунингдек, айни пайтда университетнинг “Профессионал таълим”, “Логистика”, “Қурилиш муҳандислиги” каби янги йўналишларига ҳам ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
[gallery-12452]
- 2000 йилларда 2,5 минг атрофида, кейинчалик эса ўртача 4 минг нафарга яқин талаба таҳсил олган бўлса, айни вақтда улар сони 8 мингдан ошди, - дейди университет ректори Б.Мардонов. - Яқин йиллар ичида эса университетимизда 15 минг нафар ёш авлод таълим олиши режалаштирилган. Бугунги кунга келиб бу ерда 300 нафарга яқин педагог кадрлар фаолият олиб бормоқда.
Университетда 4 та факультетда 9 та мутахассислик, 6 та номутахассислик кафедралари мавжуд.
Бугунги кунда замонавий ва шинам аудиториялар, лекция заллари, лаборатория хоналари, кутубхоналар талабалар ихтиёрида. Университет ўқув биносининг қарийб 60 фоизи лабораториялардан иборат. 2018 йилда олийгоҳда 24 та ўқув ҳамда 3 та илмий лаборатория мавжуд бўлган бўлса, бугунга келиб улар сони 43 тага етказилди. 2024 йилга бориб эса бу кўрсаткични 63 тага етказиш устида иш олиб бориляпти.
Мазкур университет юртимиз олий таълим муассасалари Миллий рейтингида 5-ўринни эгаллаб турибди. Олийгоҳнинг илмий салоҳияти 55,3 фоизни ташкил этиб фан докторлари сони 29 нафар, фан номзодлари эса 121 нафарга етди.
Шунингдек, талабалар ва ўқитувчилар фойдаланишлари учун ректорат биносида, факультетларда ва ахборот ресурс марказида “wi-fi” зоналар ташкил этилган. Айни вақтда барча факультетларда ва ректорат биносида “smart” хоналари ташкил этиш борасида ишлар олиб бориляпти.
Шу билан бирга, университет ҳудудида 5 қаватдан иборат 400 ўринли давлат-хусусий шериклик асосидаги талабалар ётоқхонаси қурилиш ишлари олиб бориляпти.
Матбуот анжумани сўнггида журналистлар “Call center” фаолияти билан танишди. Бу ерда уларга қабул комиссияси котиби Ойбек Азимов комиссия иш тартиби ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Анжуман давомида университет масъуллари ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА