Университетда “Хитой куни”
Гулистон давлат университетида ўтказилган “Хитой куни – 2026” тадбири оддий маданий учрашув эмас, балки таълим, илм-фан ва халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқувчи муҳим мулоқот майдонига айланди.
1–2 июнь кунлари бўлиб ўтган мазкур тадбир Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстлик ҳамда маданий-илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, икки халқнинг бой маънавий мероси ва анъаналарини кенг тарғиб этиш мақсадида Гулистон давлат университети ҳамда “TG International Education and Technology” қўшма корхонаси МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилди.

Сўнгги йилларда Гулистон давлат университетининг Хитой олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги изчил ривожланиб, янги босқичга кўтарилмоқда. Бу эса мазкур каби халқаро тадбирларнинг аҳамиятини янада оширмоқда.

Яқинда Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Хитой Халқ Республикасига амалга оширилган хизмат сафари доирасида вилоят олий таълим муассасалари вакилларидан иборат делегация дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — The University of Hong Kong фаолияти билан яқиндан танишди. Учрашувларда қўшма таълим дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш ҳамда илмий-тадқиқот йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ушбу ташриф халқаро академик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди. У, айниқса, таълим, илм-фан ва инновацияларни уйғунлаштириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ёшлар учун халқаро тажриба алмашинув имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. “Хитой куни – 2026” тадбири эса ана шу ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида намоён бўлди.

Тадбирнинг очилиш маросимида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Бу эса таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Дастур доирасида иштирокчилар Хитойнинг кўп асрлик тарихи, бой маданияти ва миллий анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Таниқли ҳаттот Гуо Жиъен томонидан ўтказилган маҳорат дарслари, чой маросими ҳамда хитой тили бўйича машғулотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, университетга ҳаттотлик санъати намуналари, китоблар, ўқув-услубий қўлланмалар ҳамда Хитой маданият марказини қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи миллий маданий буюмлар топширилди. Бу талабаларнинг шарқ маданияти ва тилини чуқур ўрганиши учун қўшимча имконият яратди.

Тадбирни юқори савияда ташкил этишда университет раҳбарияти, “ТГ Интернатионал Эдуcатион анд Течнологй” қўшма корхонаси МЧЖ вакиллари ҳамда профессор-ўқитувчилар фаол иштирок этишди. Хусусан, проректорлар Ф. Шарипов, Д. Эшмуродов ва А. Фозилов, Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Д. Алланазарова, факультет деканлари А. Бобожонов ва Ғ. Шайзоқов, шунингдек, кафедра мудирлари Г. Норимова ҳамда Ш. Абдураззақованинг саъй-ҳаракатлари тадбирнинг муваффақиятли ва мазмунан бой ўтишига хизмат қилди.
– Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. “Хитой куни – 2026” тадбири ана шу алоқаларнинг амалий кўриниши бўлди. У талабаларга Хитой маданияти, тарихи ва тилини яқиндан ўрганиш имконини берди. Шунингдек, бундай ташаббуслар ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва халқаро ҳамкорликка тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Гулистон давлат университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродов.
“Хитой куни – 2026” тадбири икки мамлакат ёшларини яқинлаштириш, маданий мулоқотни ривожлантириш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратишга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири