Университетда баҳорий қадриятлар тараннуми
Президентимизнинг “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори Наманган давлат университети жамоасини баҳор фасли арафасида ғоят руҳлантирди.
Мазкур ҳужжатда белгиланганидек, Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда нишонлашга оид вазифаларга киришган ҳолда, олийгоҳнинг тиббиёт факультетида “Сумалак сайли” ташкил этилди. Эрта тонгдан факультет ҳовлисида профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирокида сумалак сайли бошланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, келажак авлодга етказиш шу куннинг муҳим вазифаси эканлиги таъкидланиб, сумалак сайли жамоа ўртасидаги илиқ муносабатларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши эътироф этилди. Ўз навбатида, факультет жамоасининг фаол вакиллари ва бир гуруҳ ташаббускор талабалар ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Дошқозон атрофида янграган куй-қўшиқлар, самимий тилаклар ва қувноқ рақслардан диллар яйради. Баҳорнинг энг тотли неъмати сумалак тайёр бўлгач, дастурхон ёзилиб, сайл қатнашчиларига сумалак улашилди. Дастурхонларга сумалак билан бирга палов ҳам тортилди. Талаба-қизлар тайёрлаган бир-биридан мазали баҳорий таомлар эса кўклам соғинчи ва севинчини янада кучайтирди. “Сумалак сайли”да талаба-ёшлар турли миллатларнинг куй-қўшиқ ва рақсларини ижро этди. Айниқса, ўзбек, қирғиз ва ҳинд тилларидаги қўшиқ ва рақслар ёшларнинг иноқлигини янада мустаҳкамланишига замин яратди.

“Сумалак сайли” университетнинг бошқа факультетларида ҳам давом этмоқда. Баҳорий шукуҳ, самимийлик ва бирдамлик руҳида ўтаётган тадбирлар қалбларда ўзгача таассуротлар қолдириб, миллий анъаналаримизнинг ёрқин намойишига айланмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА