Университет ва маҳаллалар ҳамкорлиги
Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “маҳаллабай” ишлаш тизими юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижадорлиги ва халқимиз фаровонлигини янада ошириш, ёшлар маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани кейинги йилларда оммавий спорт тадбирларини ўтказишга кенг йўл очмоқда.
Бу борада Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Университет ташаббуси билан ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, турли спорт тўгараклари маҳалла аҳолиси ва ёшларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва касб-ҳунар ўрганиши учун айни муддао бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 20 апрелдаги “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат техника университетига Тошкент шаҳридаги жами 10 та маҳалла, хусусан, Олмазор туманидан 9 та ва Яшнобод туманидан 1 та маҳалла бириктирилган. Университетга бириктирилган маҳаллалар ёшлари ўртасида “Тошкент давлат техника университети ректори кубоги” мусобақаси ташкил этилди. Мусобақалар спортнинг “Футзал”, “Стол тенниси”, “Шахмат” ва “Шашка” турлари бўйича 15-20 ёш ва 10-14 ёш тоифасидаги ёшлар ўртасида ўтказилмоқда.
Мазкур мусобақани очиб беришда сўзга чиққан Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ректори С.Туробжонов бу каби тадбирлар маҳалла ёшлари ва фуқароларни спортга қизиқтириш, улар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларда ишчанлик руҳини кўтариш, бирдамлик ва ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришда ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади.
Дарҳақиқат, бу мусобақалар маҳалла ёшларининг спортга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ёшлар орасида спортни оммавийлаштириш ҳамда соғлом турмуш тарзини шаклантиришга хизмат қилади. Маҳаллалар ва университет ўртасида ўрнатилган ушбу ҳамкорлик маҳалла аҳолиси, айниқса, ёшларнинг маънавий дунёси юксалиши, жисмоний чиниқишига замин яратади.
Спорт – саломатлик гарови, эканини барчамиз яхши биламиз. Шу боис, Ўзбекистонда спорт билан шуғулланиш оммавий тус олмоқда. Соғлом турмуш тарзига амал қилаётган юртдошларимиз сони кун сайин кўпайиб бораётгани ҳам фикримиз далилидир. Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш, аҳолининг турли қатламлари, хусусан, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш тобора кучаймоқда. Ушбу ислоҳотлар ҳаётга татбиқ қилинишида мураббийлардан ташкилотчилик ва жонбозлик талаб этилади.
Б.Ибрагимов,
ТДТУ Машинасозлик факультети
декани муовини.