Германия мезбонлигида ўтган XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинлари ўз якунига етди. Дунёнинг 58 та мамлакатидан келган 5 минг 100 нафардар ортиқ талаба “Универсиада-2025” ўйинларида 18 та спорт тури бўйича 234 та жамланма медаллар учун баҳс олиб борди.
Қувонарлиси, ушбу мусобақада мамлакатимизнинг 18 та олий таълим муассасасида таҳсил олувчи 53 нафар ўзбек талаба-спортчилари юрт шарафини ҳимоя қилди. Жумладан, Ўзбекистон спорт делегацияси мазкур мусобақада 11 та спорт тури – камондан отиш, спорт гимнастикаси, енгил атлетика, сувга сакраш, дзюдо, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, сузиш, стол тенниси, таэквондо WТ ва теннис бўйича баҳсларда қатнашиб, 4 тадан олтин ва кумуш ҳамда 7 та бронза медалини қўлга киритди.

XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларида бадиий гимнастикачимиз Тахмина Икромова ҳалқада ва тасмада машқ бажаришда олтин, булава ҳамда кўпкураш баҳсларида кумуш, жами 4 та медалга эга чиқди. Унинг ушбу медаллари натижасида бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида иккинчи поғонадан жой олди. Нейтрал мақомдаги гимнастикачилардан иборат терма 2 тадан олтин ва кумуш ҳамда 1 та бронза билан биринчи бўлган бўлса, озарбайжонлик гимнастикачилар 2 та олтин ва 1 та бронза билан кучли учликдан жой олди.

Енгил атлетиканинг аёллар ўртасида уч ҳатлаб сакраш беллашувларида эса Шарифа Давронова 14,33 метр натижа кўрсатиб, делегациямиз ҳисобига олтин медални келтирди.

Шунингдек, бу галги Универсиада ўйинларида таэквондо WT баҳслари ҳамюртларимиз учун омадли бўлди. Дастлаб мусобақанинг яккалик беллашувларида Мадина Мирабзалова (-57 кг), Шамсиддин Қурбонов (-58 кг) ва Нажмиддин Қосимҳожиев (-74 кг) бронза, вазни 87 килограммдан ортиқ бўлган таэквондочилар ўртасида Марат Мавлонов кумуш медаль билан тақдирланди.

Таэквондо WТ бўйича ўтказилган жамоавий баҳсларда йигитларимиз бронза медалига эга чиққан бўлса, аралаш жамоавий беллашувларда термамиз Австралия, Корея Республикаси, Германия ва Миср каби терма жамоаларни енгиб, олтин медалга сазовор бўлди.
XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларининг 50 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича беллашувда Элдорбек Усмонов 23.31 сония натижа билан кумуш медалга сазовор бўлган бўлса, мазкур усулнинг 100 метр масофадаги беллашувларида 51.84 сонияда маррага етиб келди ва бронза медалини қўлга киритди. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Элдорбек мазкур натижалар орқали ушбу масофалардаги мамлакатимиз рекордини янгилади.

Дзюдочиларимиздан Лазиза Ҳайдарова ҳамда Шукуржон Аминова ўз вазн тоифаларида бронза медалига эга бўлди. Шу тариқа, Ўзбекистон спорт делегацияси мусобақа якунларига кўра, 4 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронза, жами 15 та медаль жамғариб, 113 давлат орасида 13-ўринни эгаллади. Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи, Осиё қитъаси давлатлари қаторида тўртинчи бўлди.
Ҳар бир эришилаётган муваффақиятларни аввалгиларига солиштириш муҳим. Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон делегацияси шу кунга қадар Универсиада ўйинларида 4 та олтин медални қўлга кирита олмаган эди. Жумладан, спортчиларимиз 2021 йил Хитойда ўтган ўйинларда 8 та кумуш, 6 та бронза, 2019 йил Италияда ўтказилган дунё талаба-спортчилари беллашувларида 2 тадан олтин ва кумуш ҳамда 4 та бронза, 2015 йил Жанубий Кореяда ўтган ўйинларда битта олтин, 2013 йил Россия мезбонлигида ўтган Универсиадада 2 та олтин, 7 та кумуш, 10 та бронза медалига сазовор бўлган.
Ҳа, бу галги Универсиада ўйинлари ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди. Умид қиламизки, яна икки йилдан сўнг Жанубий Кореяда бўлиб ўтадиган XXXIII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларида талаба-спортчиларимиз бунданда юксак натижага эришади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА