Ҳунармандчилик мўмай даромад манбаи
Илгари ҳунарманд маҳсулотини ўзи, оиласи учун тайёрлаган бўлса, энди бу йўналиш яхшигина даромад манбаига ҳам айланган.
Халқаро ҳунармандчилик фестивали олдидан
Илгари ҳунарманд маҳсулотини ўзи, оиласи учун тайёрлаган бўлса, энди бу йўналиш яхшигина даромад манбаига ҳам айланган.Юртимизга келган хорижлик сайёҳлар, меҳмонлар эсдалик совғалар харид қилади. Маҳаллий ҳунармандларимиз ясаган, юртимиз гўзаллигини ўзида акс эттирган бу маҳсулотлар бугун дунёнинг кўплаб мамлакатлари аҳолиси хонадонларини ҳам безаб турганига шубҳа йўқ.
Пойтахтлик ёш ҳунарманд Баҳодир Саидий ҳам эсдалик буюмлар ясаш билан шуғулланиб келади. У фаолияти давомида юртимизнинг тарихий обидалари, қадамжолари, замонавий иншоотларнинг мўъжаз намунасини тайёрлайди.
Юртимизда “Уста-шогирд” анъанаси яхши ривожланган. Баҳодир ҳам шогирд, ҳам устоздир.

– Турли кўргазма-савдоларда иштирок этамиз, – дейди Б.Саидий. – Ҳунармандликни янада ривожлантириш, маҳсулотимиз турини кенгайтириш, сифат ва дизайни устида доимо изланишдамиз. Чет эллик меҳмонларнинг маҳсулотимизга бўлган талаб ва эҳтиёжларини ўрганамиз. Ёзда иш кўпроқ бўлади. Шунда шогирдларимиз ҳам кўпайиб қолади. Мустақил ишлайдиганлари ҳам ўша пайтда йиғилиб бирга ишлашга ҳаракат қилади. “Ташаббус” кўрик-танловида, мунтазам ўтказиладиган кўргазмалар, савдо-ярмаркаларида қатнашиш келгусидаги ишларимизни режалаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Дарвоқе, Президентимиз ташаббуси билан сентябрь ойида Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг ўтказилиши эса Баҳодир каби ҳунармандларимиз меҳнатини рағбатлантириш, улар ясаётган буюмларни халқаро миқёсда ҳам кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.