Умумтаълим мактаби учун янги бино
Бухоро вилояти Ғиждувон тумани “Баққоллар” маҳалласидаги 690 ўринли 9-сонли умумтаълим мактабининг янги биносини фойдаланишга топширилди.
Туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, педагог жамоа ва маҳалла фаоллари қатнашган тадбирда таълим тизимини тубдан янгилаш, эртамиз эгаларининг муносиб таълим-тарбия олишлари учун барча шароитлар яратилаётгани таъкидланди. Албатта, мазкур умумтаълим мактаби ҳам ана шу эътибор ва ғамхўрлик намунаси. Айни пайтда бу таълим масканида 50 нафар (шундан, 15 нафари олий, 16 нафари биринчи ва иккинчи тоифали) педагог ходим фаолият юритмоқда. Таълим масканини 2021-2022 ўқув йилида 56 нафар битирувчи тамомлаган бўлиб, шундан 28 нафари мамлакат олий таълим даргоҳларига ўқишга киришга муваффақ бўлган. Уларнинг 13 нафари давлат гранти асосида таҳсил олмоқда.

Собиқ битирувчилар орасида йигирмага яқини олий таълимга ўзи танлаган йўналишда пухта тайёргарлик кўраётган бўлса, қолганлари ҳунар ёки савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқларида ўз ўрнини топишга уринмоқда. Жорий ўқув йилида ҳам мактабни 41 нафар йигит-қиз битиради.

Ярим йилдан кўпроқ давом этган мукаммал таъмирлаш ва қурилиш жараёнида пудрат корхонанинг 150 нафарга яқин ишчи-мутахассиси жонбозлик кўрсатди. 5 миллиард 372 миллион сўм маблағ ажратилган лойиҳа доирасида иншоотнинг фасад қисми, коммуникация тармоқлари янгиланди. Шунингдек, ахборот технологиялари хонаси, кимё, биология, физика ва бошқа фан синф хоналари, лаборатория, замонавий технология хоналари барпо қилинди. Ўқув биносига ёндош 12 х 24 метр ўлчамдаги янги спорт зали қурилди. Очиқ спорт майдонлари ҳам ташкил этилди. Замонавий технология хоналарида ёшлар пазандалик, сартарошлик, рақс, миллий кураш каби йўналишларда машғулотлар билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилган.
Зариф Комилов,
ЎзА