Нукусда Бизнес-омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги шўъбаси томонидан умумий овқатланиш корхоналари вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Таъкидлаш лозимки, Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан кейинги беш йил мобайнида Оролбўйида тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилинган. Ушбу ҳудудда тадбиркорлик билан шуғулланиш, уларнинг фаолиятини ривожлантириш учун кенг имкониятлар ҳамда имтиёзлар берилиб, бу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини ошириш мақсад қилинган.
Ана шундай кўзланган мақсадларга эришиш учун тадбиркорлик субъектлари билан жойларда доимий равишда учрашувлар ташкил этилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Шу билан бирга уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган тизимли муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасидаги умумий овқатланиш корхоналари вакиллари билан ўтказилган навбатдаги учрашувда уларнинг фаолиятида дуч келаётган муаммолари ўрганилиб, фикр ва таклифлари тингланди. Улар томонидан билдирилган таклифларига мувофиқ соҳани ривожлантиришга қаратилган мезонларни амалиётга тадбиқ қилиш чоралари белгилаб олинди.
Бизнес-омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги шўъбаси ташаббуси билан ташкил этилаётган бундай учрашувлар улар фаолиятига тўсиқ бўлаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга, уларга янада қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири