Умумий овқатланиш корхоналари 1 триллион сўмдан ортиқ солиқ тўлади
Маълумки, мамлакатимизда рақамлаштириш ва солиқ маъмурчилигининг такомиллашуви умумий овқатланиш соҳасида солиқ тушумларини кузатиш ва таҳлил қилиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида мазкур фаолият тури билан шуғулланувчи 23 148 та юридик шахс томонидан давлат бюджетига 1 триллион сўмдан ортиқ солиқ тўланган.
Солиқ тушумларининг таркибига назар ташласак, соҳадаги корхоналарнинг иқтисодий фаоллиги ва бюджетга қўшаётган ҳиссаси яққол намоён бўлади. Айниқса, йирик корхоналарнинг улуши салмоқли экани диққатга сазовор. Жумладан, умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритаётган 20 та корхона томонидан 215,9 миллиард сўм солиқ тўланган. Бу жами тушумнинг 21,4 фоизини ташкил этади. Мазкур корхоналарнинг ярим йиллик товар айланмаси 2,8 триллион сўмга етган. Уларга қўлланилган солиқ имтиёзлари эса 25 миллиард сўмни ташкил этган.
Тақдим этилган маълумотлар умумий овқатланиш соҳасида давлат бюджетига тушаётган маблағлар таркибида қўшилган қиймат солиғи муҳим ўрин тутишини кўрсатади. Солиқ турлари кесимида тушумлар қуйидагича: ҚҚС 98,4 миллиард сўм, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 57,9 миллиард сўм, ижтимоий солиқ 28,2 миллиард сўм, фойда солиғи 27,7 миллиард сўм ва бошқа солиқлар 3,7 миллиард сўмни ташкил этган.
Ушбу кўрсаткичлардан кўриниб турибдики, солиқ тушумларида ҚҚСнинг улуши энг юқори. Бу эса умумий овқатланиш корхоналарида товар ва хизматлар айланмаси ҳамда истеъмол бозоридаги фаолликнинг бюджет тушумларига таъсири катта эканини кўрсатади.
Эътиборли жиҳатлардан бири — соҳадаги барча юридик шахсларнинг жуда кичик қисми, яъни 20 та корхона жами солиқ тушумларининг 21,4 фоизини шакллантирган. Бу кўрсаткич умумий овқатланиш бозорида корхоналар ўртасида иқтисодий кўлам ва солиқ базаси бўйича сезиларли фарқ борлигини англатади. Йирик корхоналарнинг товар айланмаси юқори бўлгани сайин уларнинг бюджетга тўлайдиган солиқлари ҳам мутаносиб равишда ошиб боради. Шу билан бирга, мазкур 20 та корхонага 25 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилган. Демак, солиқ имтиёзларининг иқтисодий фаолликни рағбатлантиришдаги ўрнини ҳам алоҳида таҳлил қилиш мумкин.
Имтиёзлар натижасида корхоналарнинг инвестициявий имкониятлари, иш ўринлари ва товар айланмаси ошиши бюджет тушумларининг узоқ муддатда кўпайишига хизмат қилиши мумкин. Умумий овқатланиш соҳасида ҳисоб-китобларнинг рақамлаштирилиши солиқ тушумларини аниқлаш ва назорат қилишда муҳим аҳамият касб этади. Электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн касса тизимлари ва рақамли солиқ хизматлари орқали товар айланмаси ва тушумларнинг шаффофлигини ошириш имконияти кенгаяди.
Бу, ўз навбатида, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ базасини кенгайтириш ва ҳалол фаолият юритаётган тадбиркорлар учун тенг рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Умуман, 2026 йилнинг биринчи ярмида умумий овқатланиш соҳасида 1 триллион сўмдан ортиқ солиқ тушуми қайд этилгани мазкур тармоқ нафақат хизматлар бозорининг, балки давлат бюджети даромадларининг ҳам муҳим манбаларидан бирига айланаётганини кўрсатади.
Ш. Маматуропова,
ЎзА