Умрни узайтириш қийин эмас!
Ҳар кунги сайр инсон ҳаётини узайтиришнинг энг осон йўли, деб хабар қилади “Express” нашри япон олимлари тадқиқоти натижасига таяниб.
Мутахассислар 13 йил давомида ёши 40 дан 79 гача бўлган 27 мингдан ортиқ кўнгиллиларни кузатиб боришди. Маълум бўлдики, кунига бир соат пиёда сайр қилганларнинг бари жисмоний фаол бўлмаганларга қараганда узоқ умр кўрган. Қолаверса, сайр қилганлар шифокорлар хизмати учун ҳам кам пул сарфлаган.
"Одамлар, айниқса эркакларни сайр қилишга рағбатлантириш улар ҳаётини узайтиришнинг энг осон ва арзон йўли ҳисобланади. Қолаверса, бунинг натижасида тиббий хизмат учун сарфланадиган харажат ҳам камаяди", дейилади изланиш хулосасида.
Олимлар сайр янада самарали бўлиши учун жадалроқ юриш, яъни бир дақиқада камида 100 қадам босиш кераклигини тавсия қилмоқда.