Умрини илмга бағишлаган олим
Ҳар бир мамлакатнинг, жамиятнинг тараққиёти илм-фан ривожига бевосита боғлиқ. Илмга ва уни ўрганишга қаратилаётган эътибор ўша давлатнинг эртанги кунини белгилаб беради. Ҳар қандай машаққатли йўл катта ва нурли манзилга олиб чиқса, инсон кўзлаган манзилига етса, бу йўлда чекилган қийинчиликлар жуда тотли бўлади. Илм йўли ана шундай заҳматли, лекин натижаси арзирли, савобли, самаралидир. Бу йўлдан юрган ҳар бир инсон бутун бир жамиятга, унинг тараққиёти ва такомилига ўз ҳиссасини қўшиб бораркан, ўзи ҳам зиёга, нурга йўғрилади.
Дарҳақиқат, илм ўрганувчи барчага керакли инсон бўлиб, ундан атрофдагиларга ҳамиша манфаат етади. Зеро, илм — ақл нуридир. У инсонларни борлиқни ҳис этиш, воқеликни идрок этиш, маънавий ва моддий оламни англашга, тафаккурини шакллантиришга ундайди. Илм яшаш чироғидир. У инсонларга бахт келтиради, ёруғликка чорлайди, жаҳолатдан йироқлаштиради.
Раҳматилла Баракаев ҳам машаққатли илм йўлидан одимлаётган, юзлаб шогирдларни ўз ортидан илм чўққилари сари етаклаётган етук олимлардан бири, десак муболаға бўлмайди.
Олимлик, илм йўли осон эмас. Ушбу йўлдан юрмоқ истагида бўлганлар кўп, аммо бу машаққатли йўлнинг охирига ҳамма ҳам етавермайди. Ҳақиқий олимлик мартабасига эришмоқ учун жуда кўп машаққат чекмоқ, изланмоқ, меҳнат қилмоқ лозим. Шунинг учун ҳам олимлар ҳақида гапираётганимизда, уларга чуқур ҳурмат, эҳтиром кўрсатмоғимиз даркор.
Профессор Раҳматилла Баракаев кейинги қирқ йилдан ортиқ вақт давомида Тошкентда яшаб, оддий ўқитувчиликдан, филология фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти, фольклори институти профессори даражасигача бўлган илмий ва ҳаёт йўлини босиб ўтди. Ушбу заҳматкаш олимнинг ҳаёт йўли бугунги ёш олимлар учун ибратдир.
Раҳматилла Баракаев Бухоро вилоятининг Вобкент туманида 1954 йилнинг 1 февралида таваллуд топган. Унинг ёшлик йиллари қадимий Вобкент туманида ўтди. Бўлажак олим Вобкент туманидаги умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олиб, ушбу мактабни 1971 йилда тугатади. Унинг дастлабки хабарлари вилоят ва туман газеталарида ўқувчилик даврларидаёқ эълон қилинган. Ўрта мактабни муваффақиятли тамомлаган Р.Баракаев 1971-1975 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти бўлимида таҳсил олди. Ҳамда шу даргоҳда Ўткир Рашид, Ғани Абдураҳмонов, Мазлума Асқарова, Натан Маллаев, Саид Усмонов, Ҳамид Сулаймонов, Тўхта Бобоев каби машҳур адабиётшунос ва тилшунос олимларнинг таълимидан баҳраманд бўлди.
Р.Баракаев тилшунослик ва адабиётшунослик масалаларига талабалик йилларидаёқ катта қизиқиш билан қаради. У Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти талабаларининг ҳар йили ўтказиладиган анъанавий илмий анжуманларида болалар адабиёти, унинг бадиияти муаммоларига оид қизиқарли маърузалари билан иштирок этди. 1975 йилда институтни тугатгач, болалиги ўтган Вобкент туманидаги 1-сонли мактабда она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси сифатида ўз фаолиятини бошлади. 1975-1977 йилларда ўқувчиларга она тили ва адабиёти фанининг мўъжизавий қудратини англашга, бу фанларнинг кўнгилга яқин қудратини тушунтиришга ҳаракат қилди ва ўқувчиларининг севимли устозига айланди. Қисқа икки йил Р.Баракаев учун танланган касбига садоқат, муҳаббат билан қараш, болалар қалбига йўл топиш учун изланишлар олиб бориш, матбуотларда фаол чиқишлар қилиш, қаламнинг чархланиши, тезкорлик, ҳозиржавоблик хислатларини эгаллаши учун ўзига хос мактаб бўлди. Ўзининг фаолиятини таълим жараёнидан узоқлаштирмаган Р.Баракаев 1977-1978 йилларда шу мактабнинг директор ўринбосари, 1978-1980 йилларда Вобкент тумани халқ таълими бўлими бош методисти лавозимларида ишлади.
Р.Баракаев алоҳида жўшқинлик билан педагогик фаолиятини она тили ва адабиёти фанларидан юксак савияда сабоқ бериш, жамоат топшириқларини аъло даражада бажариш билан бирга илмий-тадқиқот ишлари билан ҳам шуғуллана бошлади. Мана шу қизиқиш олимни 1980 йилнинг октябрида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти, фольклори институти томон етаклади.
Камолотга эришмоқчи бўлган олимнинг эҳтиёжи шу даражага кўтариладики, бу шахсий эҳтиёж ижтимоий зарурат, жамият ривожи шартлари билан уйғунлашади. Р.Баракаевнинг илмий фаолиятини кузатар эканмиз юқоридаги қайдлар айнан шунга мос эканлигини ҳис қилиш мумкин. Сабаби бундай олимлар жамият эҳтиёжларини ўз эҳтиёжлари деб билади ва уни қондиришга интилади. Р.Баракаев илмий мақолалари, изланишларини ўрганар эканмиз олимнинг ишқи филология фанига, бадиий адабиёт, хусусан, болалар адабиёти соҳасига тушганлигидан дарак беради.
Олим 1994 йилдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти, фольклори институти илмий котиби, 2018 йилдан институтнинг “XX аср ўзбек адабиёти ва ҳозирги адабий жараён” бўлими мудири, 2021 йилдан ушбу бўлимнинг катта илмий ходими лавозимларида мазмунли, самарали фаолият юритди. Моҳир адабиётшунос олим Р.Баракаев ―1994 йилда “Ўзбек болалар адабиёти ва Абдулла Авлоний ижоди” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Бу диссертацияда ўзбек филологияси фанида илк бор ўзбек болалар адабиёти тарихи ва ҳозирги ўзбек болалар адабиётининг тараққиёт тамойиллари махсус монографик аспектда таҳлил этилган. Ўзининг изланишлари билан олим болалар адабиёти, адабий алоқалар, таржима тарихи ва назариясига салмоқли, муносиб ҳисса қўша олди. Олимнинг илмий фаолиятида ўзбек болалар адабиётининг пайдо бўлиши, шаклланиши ва тараққиёти муаммолари алоҳида таҳлил этилиб умумлаштирилган. Бу эса XX аср ва истиқлол даври шеъриятининг такомил жиҳатдан ўзига хос хусусиятларини кўрсатишга хизмат қилган.
Серғайрат олим ўзининг бу соҳадаги илмий изланишларини янада давом эттириб, кейинчалик Абдулла Авлоний, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Ғафур Ғулом, Зафар Диёр, Қуддус Муҳаммадий, Қудрат Ҳикмат, Сафар Барноев, Турсунбой Адашбоев, Анвар Обиджон сингари шоирлар ижодининг ўзбек болалар шеъриятидаги ўрни ва мақомини кўрсатишга эришди. Бу ишлар илмий жамоатчилик томонидан юксак баҳоланди. Р.Баракаевнинг адабиётшунослик, хусусан, болалар адабиётининг умумназарий муаммоларига доир ўқув қўлланмалари, дастурлар, услубий тавсиялар яратиш соҳасидаги фаолияти ҳам ғоят ибратлидир.
Олимнинг ўзи ва сафдошлари билан ҳамкорликда эълон қилган тадқиқотлардаги натижалар халқ таълими ва олий таълим жараёнига жорий этилган. XX аср ўзбек таржимачилиги тарихи, адабий алоқалар ва болалар адабиёти бўйича бир қатор илмий мақолалари, “Болалар адабиёти тарихи”, “XX аср болалар адабиёти ва истиқлол даври болалар адабиёти” мавзусидаги нашрлари, адабий алоқалар, таржимашунослик муаммоларига бағишланган “Жонажоним шеърият”, “Ўзбек болалар адабиёти ва Абдулла Авлоний ижоди”, монография ва китоблари, шунингдек, ҳаммуаллифликда яратилган “Тошкент шоирлари” китоби, “Турсунбой Адашбоев феноменига бир назар” , “Бадиий тасвир маҳорати” монографиялари, олий ўқув юртлари учун “Болалар адабиёти” ўқув қўлланмаси ва дарслиги, қолаверса, мумтоз адабиёт намуналарини болаларга мослаштирилган луғат, изоҳ ва шарҳлар билан бирга нашрга тайёрланган “Боболардан болаларга”, “Убайд Законийнинг “Мушук билан сичқон” қиссаси, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Ақл чироғи”, Абдулла Авлонийнинг “Мухтасар тарихи анбиё ва тарихи ислом” китоблари, “Навоий гулшанига саёҳат” тест саволлари тўплами китоблари ҳамда республика ва хорижда чоп этилган 260 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп мақолалари шулар жумласидандир.
Тил ва адабиёт инсоннинг бирламчи эҳтиёжи, англаш, билиш, сўзлаш, алоқа-муносабат воситаси, мансуб-хослик омили бўлгани боис ҳамиша жамият равнақининг асосий мезонларидан бўлиб келган. Жумладан, ўзбек тили ва адабиёти ўзбек миллатининг узоқ тарихий илдизларига, ўз сиёсий-ҳуқуқий асосларига эга муқаддас қадрияти, улкан маънавий ютуғидир. Профессор Р.Баракаевнинг нафақат изланувчан олим, балки фидойи фан ва таълим ташкилотчиси эканлиги унинг 1975 йиллардан бошланган фаолиятида яққол намоён бўлади. Айниқса, олим ўзи фаолият юритган институтда 1994 йилдан институт илмий котиби лавозимида ишлаган ва бу даврда ўзбек тилшунослиги ва адабиётшунослиги соҳасида юзлаб докторлик, номзодлик диссертациялари тайёрланиб ҳимоя қилинди ва бунда олимнинг муносиб ҳиссаси бор.
Сўнгги йилларда Раҳматилла Баракаев институтнинг “XX аср ўзбек адабиёти ва ҳозирги адабий жараён” бўлими мудири, 2021 йилдан мазкур бўлимнинг катта илмий ходими сифатида баракали меҳнат қилиб келмоқда. Фаолияти давомида профессор Р.Баракаевнинг илмий раҳбарлигида 3 та тадқиқотчи номзодлик, 3 та тадқиқотчи филология фанлари бўйича фалсафа доктори диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилган.
Бир сўз билан айтганда, Раҳматилла Баракаев нафақат Ўзбекистоннинг, балки хорижда ҳам тан олинган забардаст филолог олим. Олимнинг илмий фаолияти давомида бевосита Туркия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон сингари қатор давлатларда бўлиб ўтган 30 дан ортиқ халқаро илмий анжуманлардаги иштироки фикримизнинг яққол исботи бўла олади. Айтиш мумкинки, Р.Баракаев кенг қамровли олим сифатида бугун дунё болалар адабиётида мавжуд бўлган таҳлилларни ўрни билан қўллаган ва муносабат билдирган. Бу мулоҳазалар уни чинакам йирик назариётчи адабиётшунос олим дейишга асос бўла олади. Олимнинг илмий фаолияти муносиб баҳоланган ва профессор Раҳматилла Баракаев 2000 йилда болалар адабиёти тадқиқоти ва тарғиботидаги фаолияти учун “II даражали Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланган.
Бугун таниқли олим ва моҳир педагогни қутлуғ ёшлари билан табриклар эканмиз, у киши нафақат олимлик, балки том маънодаги одамийлиги, юксак маънавий фазилатлари билан кўз олдимизда гавдаланади. Камдан-кам учрайдиган тафаккур қобилияти, зукко ва топқирлиги, меҳнаткашлиги билан барчага ибрат бўла оладиган устоз фаолияти ҳақида ёзиш мароқлидир.
Заҳматкаш олим профессор Р.Баракаев ўзбек адабиёти ривожига ҳали жиддий ва салмоқли ҳисса бўлиб қўшиладиган жуда кўплаб илмий тадқиқотлар яратади, баракали педагогик фаолият кўрсатади. Бундай шарафли, машаққатли йўлда устоз Раҳматилла Баракаевга, серқирра олимимизга соғлик-омонлик, шижоат, узоқ ва янада мазмунли умр тилаб, шогирдлар ва фарзандлар ардоғида яшашларини тилаб қоламиз.
Н.Баракаев,
Ренессанс таълим университети ректори,
техника фанлари доктори, профессор
Л.Раупова,
Ренессанс таълим университети профессори,
филология фанлари доктори