"Умрбоқий мерос": Маданий меросни ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш муҳим ижтимоий вазифа
Анъанавий маданият ва фольклорни сақлаш глобал маданий сиёсатнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Буни 185 та мамлакат қўшилган Номоддий маданий меросни сақлаш бўйича ЮНEСКО конвенциясининг кенг тан олиниши тасдиқлайди. Ўзбекистон Республикаси учун бу соҳа маданий мероснинг бойлиги ва хилма-хиллиги туфайли алоҳида аҳамиятга эга. Номоддий маданий мерос, шунингдек, “жонли мерос” деб ҳам аталади, оғзаки анъаналар, ижрочилик амалиётлари, ижтимоий урф-одатлар ва маросимлар, табиат билан боғлиқ билим ва амалиётлар ҳамда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъанавий ҳунармандчиликни ўз ичига олади.
ЮНEСКО конвенцияси фуқаролик жамиятининг номоддий маданий меросни сақлашдаги алоҳида ўрнини таъкидлайди. Жамиятнинг бу жараёнда иштирок этиши нафақат маданий мероснинг қадрини англаш, балки уни сақлаш, янгилаш ва келажак авлодларга етказиш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёрликни ҳам назарда тутади.

"Умрбоқий мерос" Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш маркази 2019 йилда жамоат ташкилоти сифатида ташкил этилган. Ҳозирда унинг минтақавий бўлимлари Қорақалпоғистон Республикаси, шунингдек, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида фаолият юритмоқда. Марказнинг асосий мақсади моддий, номоддий ва ҳужжатли маданий меросни оммалаштириш ва бу соҳада тадқиқотлар ўтказиш орқали Ўзбекистон маданий меросини сақлаш ва тарғиб қилишдан иборат.
“Умрбоқий мерос” маркази ўз фаолияти давомида маҳаллий, минтақавий ва халқаро ташкилотлар билан барқарор ҳамкорликни йўлга қўйди. Ўзбекистон ва Ипак йўли бўйлаб жойлашган бошқа мамлакатларнинг номоддий маданий мероси намуналарини аниқлаш ва ўрганиш бўйича кенг кўламли ташаббусларда иштирок этди. Дастлаб, Марказ мутахассислари 2019 йил 8-12 апрель кунлари Тошкентда ва 2020 йил 24-28 август кунлари онлайн тарзда ЮНEСКО раҳнамолигидаги Осиё ва Тинч океани минтақасидаги номоддий маданий мерос бўйича халқаро ўқув маркази (Хитой) томонидан ташкил этилган минтақавий машғулотлар орқали малака оширди.

Халқаро ва тармоқ ҳамкорлигини ривожлантириш учун “Умрбоқий мерос” маркази 2020-2021 йилларда Ипак йўли мамлакатларида фольклор фестиваллари ва анъанавий ҳунармандчилик устахоналарининг салоҳиятини баҳоловчи социологик тадқиқотларда иштирок этди. Ушбу лойиҳа Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти (Самарқанд) ва ЮНEСКО раҳнамолигидаги Осиё-Тинч океани минтақасидаги номоддий маданий мерос бўйича халқаро ахборот ва тармоқ маркази (Корея Республикаси) билан ҳамкорликда амалга оширилди. Ушбу лойиҳанинг давоми сифатида Марказ 2021-2022 йилларда номоддий маданий мерос намуналарини ҳужжатлаштириш мақсадида Ўзбекистоннинг турли минтақаларига этнографик экспедициялар уюштирди. Тадқиқот ва экспедициялар натижасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида “Ипак йўлининг анъанавий ҳунармандчилиги” (2021) ва “Ўзбекистоннинг номоддий маданий мероси” (2022) каталоглари нашр этилди.
2022 йилдан 2024 йилгача Марказ фаолияти Марказий Осиёда номоддий маданий меросни сақлашнинг илмий асосларини шакллантириш учун тадқиқот маълумотларини тўплаш ва таҳлил қилишга қаратилган эди. Ушбу лойиҳа ЮНEСКО раҳнамолигидаги Осиё ва Тинч океани минтақасидаги номоддий маданий мерос бўйича халқаро тадқиқот маркази (Япония) томонидан қўллаб-қувватланди. Ушбу иш натижалари 2025 йил 13-15 февраль кунлари Япониянинг Осака шаҳрида бўлиб ўтган “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича тадқиқотлар учун янги уфқлар” халқаро анжуманида тақдим этилди.

Шу даврда “Умрбоқий мерос” маркази Тожикистон ва Қозоғистон мутасадди ташкилотлари билан ҳамкорликда “Каштачилик санъати” номли кўп миллатли номзодномани ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди. Қўшма номзоднома тайёрланди ва дастлабки баҳолаш учун ЮНEСКО Бош қароргоҳига тақдим этилди. Марказ шунингдек, 2023 йил 9 сентябрда Бухорода “Моддий ва номоддий маданий мерос уйғунлиги” халқаро илмий анжумани ва 2023 йил 24 ноябрда Тошкентда “Турк дунёси маданияти ва санъати” халқаро анжуманини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Бундан ташқари, Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти кўмагида “Ипак йўли бўйлаб хаттотлик санъати” каталогини тайёрлаш ва нашр этиш учун грант ажратилди.
Марказ ўз фаолиятини изчил кенгайтирмоқда. 2024 йил 10 сентябрда Марказ таркибида “Қирк қиз” академияси ташкил этилди. Академиянинг асосий мақсади - тарихий манбаларга таянган ҳолда муқаддас жойларни ўрганиш, уларнинг маънавий ва илмий меросини тарғиб қилиш ва давом эттириш, анъанавий қадриятларимизни илм-фан, маданият ва санъат, ҳунармандчилик орқали кенг оммага ёйиш. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмагида “Туркистон жадидлари ва ҳуқуқий маданият” монографияси 2025 йилда нашр этилди. Мамлакат архивлари ва кутубхоналарида илмий тадқиқотлар Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти билан ҳамкорликда олиб борилди. Шу билан бирга, RSF Social Finance (АҚШ) хусусий жамғармасининг молиявий кўмагида Сармишсой, Чанглисой ва Буйронсойдаги қоятош расмларини ҳужжатлаштириш мақсадида Навоий вилоятига экспедициялар ташкил этилди.
Ушбу лойиҳа натижасида “Нурота тоғларининг қоятош расмлари” каталоги 2025 йилда нашр этилди. Бундан ташқари, 2025-йил декабрь ойида Марказ ташаббуси билан Бухоро инновация университетида “Ўзбекистон ва Туркиянинг аёл олимлари” халқаро анжумани бўлиб ўтди. Навбатдаги анжуман 2026 йил май ойида Туркия техника университетида ўтказилиши режалаштирилган.

2026 йил боши Марказнинг ЮНEСКО билан ҳамкорлигининг янги босқичини белгилаб берди. 2025 йил 12 декабрда бўлиб ўтган ЮНEСКОнинг Номоддий маданий мерос бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 20-сессияси қарорига мувофиқ, “Умрбоқий мерос” маркази ЮНEСКОнинг Номоддий маданий меросни сақлаш бўйича Конвенцияси доирасида фаолият юритувчи нодавлат ташкилотлар рўйхатига киритилди. Бу Ўзбекистондан ЮНEСКО томонидан эксперт муассаса сифатида аккредитациядан ўтган биринчи жамоат ташкилоти бўлди.
Маданий мерос кўп авлодларнинг тарихий тажрибаси, билимлари, қадриятлари ва маданий хотирасини ўзида мужассам этган. Ижтимоий-иқтисодий шароитлар ва тарихий даврлардан қатъи назар, у ўзининг долзарблиги ва аҳамиятини сақлаб қолади. Унинг салоҳияти таълим, ижтимоий барқарорлик, маданий ривожланиш ва жамият ўзига хослигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ кенг кўламли масалаларга ҳисса қўшиш имконини беради. Шунинг учун маданий меросни ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш муҳим ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга.
ЎзА