"Умра" зиёратини ташкил этишни ваъда қилиб, фуқароларни алдаган шахслар ушланди
Юртимизда "Умра" зиёратини ташкил этиш, шунингдек, зиёратчилар учун муносиб шароитлар яратиш билан боғлиқ фаолиятни тегишли лицензия асосида, қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширишга рухсат этилган.
Мазкур фаолиятни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги 668-сон қарори билан белгиланган.
Бу эcа, уз навбатида, зиёратчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сифатли хизматлардан фойдаланишини кафолатлашни таминлашга хизмат қилади.
Бироқ, айрим шахслар фуқароларнинг муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш истагидан ғаразли мақсадларда фойдаланиб, турли алдов усуллари орқали уларнинг пул маблағларини қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда.
Хусусан, Андижон шаҳрида туризм фаолияти билан шуғулланувчи фирма иш юритувчиси фирмада “Умра” зиёратини ташкил этиш учун тегишли лицензия мавжуд бўлмаганига қарамай, Балиқчи туманида яшовчи 1999 йилда туғилган фуқаронинг ишончига кирган. У фуқаронинг тўрт нафар қариндошини Саудия Арабистонига зиёрат сафарига юборишни ваъда қилиб, бунинг эвазига 4 минг 400 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фирма иш юритувчиси сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бу каби ноқонуний ҳолат Фарғона вилоятида ҳам қайд этилди.

Хусусан, Тошлоқ туманида яшовчи 2007 йилда туғилган шахс Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи 2 нафар фуқарони Наманган вилоятида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси орқали “Умра” зиёратига юборишни ваъда қилиб, 2100 АҚШ доллари талаб қилган.
Лекин, у олдиндан 1000 АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА