“Умра плюс зиёрат туризми” йўналишида Марказий Осиё туроператорлари учун инфотур ташкил этилди
“Умра Plus ва зиёрат туризми” IV халқаро кўргазмаси доирасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан ташриф буюрган 100 нафарга яқин туроператор учун Ислом цивилизацияси марказига инфотур ташкил этилди.
Мазкур инфотур Туризм қўмитаси ҳамда Марказ ҳамкорлигида ўтказилиб, унда иштирок этган туроператорларга зиёрат йўналишидаги сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар, ислом цивилизациясига оид тарихий манбалар ҳамда «Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс» бўлими ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Марказда сайёҳлар учун яратилган қулайликлар, гид хизматлари, шунингдек, зиёрат ва маданий-тарихий йўналишлардаги маълумотлар катта қизиқиш уйғотди.
Таъкидланишича, ушбу инфотур мамлакатимиз орқали Умра зиёратларини ташкил этувчи Марказий Осиё туроператорларига ўз туристик дастурларини Тошкент шаҳри билан бойитиш имконини беради. Шунингдек, бу ташаббус хорижлик зиёратчиларнинг мамлакатимизда қўшимча бир кун қолишига ва туристик салоҳиятдан кенгроқ фойдаланишига хизмат қилади.
Туризм қўмитаси томонидан юртимизнинг диққатга сазовор туристик объектларига сайёҳларни жалб қилиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА