“Умра – 2022” мавсуми бошлангани ҳақида маълумот
2022 йилнинг 22 январь куни “Uzbekistan Airways” АЖ Тошкент-Жидда рейси билан 239 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси Умра зиёратига йўл олдилар.
Зиёратчиларга етакчи имомлар ва мутахассислардан иборат гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар ҳамроҳлик қилмоқдалар.
Жўнаб кетиш арафасида барча зиёратчилар ПЗР-тести топширдилар ва эмланганлик тўғрисида халқаро гувоҳномалар билан таъминландилар.
Саудиялик ҳамкорлар билан келишилганидек жорий йилда ўзбекистонлик зиёратчиларга Макка шаҳрида “Хилтон” ва Мадина шаҳрида “Пулман” меҳмонхоналарида юқори даражада хизмат кўрсатилади. Меҳмонхоналар табаррук масжидларнинг ёнгинасида жойлашгани сабабли ибодатларга бориш учун автобусларга эҳтиёж бўлмайди.
Зиёратчилар 2 йиллик танаффусдан сўнг яна умра зиёратига бориш имкони яратилганидан мамнун эканларини билдириб, мураккаб вазиятга қарамай мўмин-мусулмонларга қулай шароитлар яратиб берилгани учун Ўзбекистон Республикаси Раҳбарига миннатдорчилик изҳор қилдилар.
Зиёратчиларни Тошкент халқаро аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва бошқа масъуллар кузатиб қўйдилар.
Жиддадаги Бош консулхонамиздан олинган хабарга кўра, зиёратчилар рейси эсон-омон Саудияга етиб борган ва фуқароларимиз соғ-омон меҳмонхоналарга жойлаштирилганлар.
Навбатдаги рейслар 25 ва 28 январь саналарига режалаштирилган. Уларда яна 478 нафар зиёратчи Саудия Арабистонига жўнаб кетади.