Умида кўрик-танловнинг финал босқичида қатнашади
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни олдидан Жиззах вилояти ички ишлар органларида осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш йўналишларида фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар ўртасида “Фидойи аёл ходима” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг “Ички ишлар органларида “Фидойи аёл ходима” кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги буйруғига мувофиқ ташкил этилган ушбу республика кўрик-танловида Жиззах вилоят ИИБнинг соҳавий хизматлари ва туман, шаҳар ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизлар иштирок этди.

Танловда иштирокчилар 1000 метрга югуриб, комплекс машқларни бажарди. Шунингдек, хотин-қизларнинг жанговар шайлиги, махсус воситалардан тўғри фойдаланиш бўйича кўникмалари, жанговар қуролларни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш ҳамда мерганлиги синовдан ўтказилди. Бундан ташқари, махсус тестларни ечиш орқали иштирокчиларнинг интеллектуал ва профессионал билим даражасига ҳам баҳо берилди.

Якуний натижаларга кўра, Фориш тумани ИИБ ходими, майор Умида Эгамовага тенг келадиган топилмади ва у беллашувнинг вилоят босқичи ғолиби деб топилди. Умида Эгамов энди ушбу танловнинг республика финал босқичида Жиззах вилояти шарафини ҳимоя қилади.



Тадбир сўнггида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари