Улуғбек Усмонов Осиё чемпионати бронза медалига сазовор бўлди
Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида қиличбозлик бўйича 23 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги Осиё чемпионати давом этмоқда. Мусобақанинг эркаклар ўртасида рапира йўналиши бўйича шахсий баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси вакили Улуғбек Усмонов шоҳсупага кўтарилди.
Ушбу йўналишда Осиёнинг турли мамлакат ва ҳудудларидан 47 нафар спортчи иштирок этди. Якуний натижаларга кўра, Гонконг вакили Лау Кенжи Цун Ин олтин, Қатар спортчиси Элдиб Адҳам кумуш медалга сазовор бўлди. Улуғбек Усмонов ва Гонконг вакили Юэн Чи Шун Майкл бронза медалларини қўлга киритди.
Осиё чемпионати доирасида энди жамоавий баҳслар ўтказилади. Ҳусусан, 1 ноябрь куни эркаклар ўртасида шпага йўналишида Ўзбекистон терма жамоаси - Камолиддин Ахтамов, Асилбек Ибодуллаев, Авазбек Наимов ва Мейирхан Тимуровдан иборат таркибда иштирок этади.
2 ноябрь куни эса яна икки йўналишда жамоавий баҳслар бўлиб ўтади. Эркаклар рапирасида У.Усмонов, Ф.Алимов, А.Атабеков ва С.Пўлатов, аёллар шпагасида эса А.Ҳамидова, Д.Ибодуллаева, З.Ҳамробоева ва М.Зувайдиллаева юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА