Улуғ санъаткор хотираси ёд этилди
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида бастакор, ҳофиз ва педагог Фаттоҳхон Мамадалиев хотирасига бағишланган мақом кечаси бўлиб ўтди.
Санъаткорлар, санъат ихлосмандлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этган тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ва бошқалар Ўзбекистон халқ хофизи, профессор, қўшиқчилик санъати ашула, катта ашула ва мақом йўналишларининг билимдони, ўзбек мумтоз куй ва қўшиқларининг моҳир ижрочиси марҳум Фаттоҳхон Мамадалиевнинг ҳаёти, ижодий фаолияти ҳамда юксак инсоний фазилатлари ҳақида гапирди.
Фоттоҳхон Мамадалиев 1923 йилда Балиқчи туманида таваллуд топган. У ўзбек миллий чолғулари – гижжак, танбур, дутор чалишнинг моҳир устаси эди. Ашула, катта ашула ва мақом йўлларини Умрзоқ Полвон Сайдали, Рўзиматхон Исабоев, Абдулла Тараз, Жўрахон Султонов, Юнус Ражабий сингари қўшиқчилик санъати дарғалардан ўрганган.
[gallery-4207]
Устоз санъаткор турли йилларда Андижон вилоятидаги турли театрларда созанда, хонанда, Андижон педагогика институтида ўқитувчи, Андижон шаҳри маданият уйи мақомчилар ансамблининг ташкилотчиси ва бадиий раҳбари, Ўзбек давлат филармонияси хонандаси, Тошкент консерваторияси ўқитувчиси сифатида самарали фаолият юритган.
Унинг репертуаридан жой олган Фарғона - Тошкент мақом йўллари, Шашмақом, ашула, катта ашула, ялла туркумидаги "Ол хабар", "Эй дилбари жонон", "Бузрук I—III", "Сарахбори Наво", "Эй, сабо", "Оқибат", "Соғиндим", "Дарди дилим", "Дўст билан, улфат билан", "Интизор" сингари қўшиқлар, шунингдек, "Муножот ", "Мискин ", "Насруллойи", "Ушшоқ" туркумидаги куйларнинг нозик жилолар билан сайқаллаштирилган намуналари ўзбек қўшиқчилик ва мусиқа санъатининг ўлмас дурдоналарига айланган. Шунингдек, у беш қисмли “Савти Фаттоҳхон” ашула туркумини басталаган, “Қадимги ушшоқ”, “Умрзоқ Полвон ушшоғи”, “Зикри ушшоғи” мақом йўлларини тиклаган.
Фаттоҳхон Мамадалиев турли йилларда "Меҳнат шуҳрати" (1992), "Эл-юрт ҳурмати" (1998) орденлари билан тақдирланган.
Улуғ санъаткор хотирасига бағишланган мақом кечасида янграган куй ва қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА