Улуғ айёмда икки фуқаронинг орзулари ушалди
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани Равот МФЙда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Жамила Диёрова ва Оқдарё МФЙда яшовчи фуқаро Уралой Шарипова анча йиллардан буён беморлиги туфайли тушакка ётиб қолган. Тоза ҳаводан нафас олай, табиат қўйнига чиқай деса юра олмайди, ногиронлик аравачаси олишга эса имкон йўқ. Шу зайлда кунлар ойларга, ойлар эса йилларга улашиб келаётган эди.
Ниҳоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Шаҳрисабз тумани бўлинмаси ушбу фуқароларнинг оғирини енгил қилди. Қурбон ҳайити муносабати билан фонд томнидан уларга ногиронлик аравачаси тақдим этилди.


Эндиликда улар ҳам бошқалар қатори атрофнинг гўзаллигидан баҳра олади. Бундай имкониятни уларга тақдим этганлар миннатдорчилик билдириб, қўлларини дуога очар экан, яратганга шукрона келтирди.

Ўлмас Баротов, ЎзА.