Қулайлик ва рағбат – янги режалар сари йўл
Юрт ободлиги, халқ фаровонлиги.
Президент ташрифидан сўнг...
Юрт ободлиги, халқ фаровонлиги. Бугун бу эзгу мақсаднинг ижобатини ҳар жабҳада кўриш, ҳис этиш мумкин. Энг муҳими, амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида инсон манфаатлари, одамларга муносиб турмуш шароити яратиб бериш, бахтли ва фаровон ҳаётини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам.
Қашқадарёда ҳам бу борада олиб борилаётган ишларнинг кўлами кенг, аҳамияти беқиёс. Айниқса, кейинги бир ярим йил ичида барча соҳаларда катта ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик ишлари, халқ кутган лойиҳаларнинг амалга оширилгани воҳа ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24-25 февраль кунлари вилоятга ташрифи асносида ҳудуд равнақига хизмат қилувчи, юқори ижтимоий, иқтисодий самарадорликка эга кўплаб лойиҳалар, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари дебочасига тамал тоши қўйилган эди.
Вилоятнинг Яккабоғ, Китоб, Шаҳрисабз туманлари тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган. Биргина Яккабоғ туманида 1 минг 300 дан ортиқ боғдорчилик, 500 та сабзавот-полизчилик фермер хўжаликлари мавжуд бўлиб, улар томонидан 18 минг тоннадан ортиқ мева, 70 минг тонна полиз-сабзавот, 23 минг тонна узум маҳсулотлари етиштирилади. Ўтган йилда 540 гектар лалми ерларда янги токзорлар барпо этилди.
Давлатимиз раҳбарининг “Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, сифатли ва рақобатбардош виночилик маҳсулотларининг экспортини ошириш, шунингдек, ушбу соҳага чет эл инвестицияларини жалб этиш мақсадида Яккабоғ туманида “Davr sharob” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Лойиҳа қиймати қарийб 33 миллиард сўм бўлган ушбу корхонага энг замонавий хориж технологиялари ўрнатилди. Бир йиллик ишлаб чиқариш қуввати 400 минг АҚШ долларини ташкил этган ишлаб чиқариш субъектида халқаро талабларга жавоб берадиган, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Аҳамиятли жиҳати барча ишлар автоматик равишда амалга оширилади.
– Жамиятимизнинг 10 йилга мўлжалланган "Йўл харитаси" ишлаб чиқилган бўлиб, унга асосан маҳсулот турлари ва ҳажми йил сайин ошиб боради, – дейди корхона раҳбари Аъзамжон Ходжаев. – Ўтган йилнинг октябрь ойида фаолият бошладик. 105 янги иш ўрни яратдик. Кейинги босқичларда корхонада пиво пишириш, ликёр-коньяк ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Янги лойиҳаларнинг ишга тушиши муносабати билан ҳудудда узумнинг техник навларини етиштириш, соҳага илғор усулларни жорий этиш, вино ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича ҳам чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, завод қошида яхна ичимликлар ишлаб чиқаришни ҳам мўлжаллаяпмиз. Бу лойиҳамиз амалиётга жорий қилингандан сўнг яна қўшимча 50 иш ўрни яратилади. Ўтган йилда завод учун ажратилган 228 гектар ерга винобоп маҳсулотлар тайёрлашга мўлжалланган узум навини экдик. Томчилатиб суғориш технологияси йўлга қўйилди. Мақсад фаолиятни кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш. Маҳсулотларимиз ҳозирча ички бозорга чиқарилмоқда. Келажакда экспорт қилишни ҳам режалаштирганмиз.
Шарт-шароит, қулайлик ва рағбат янги режа, мақсадлар сари йўл очмоқда. Бу ҳудудларни янада ривожлантириш, имконият ва шарт- шароитлардан унумли фойдаланиш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш каби саъй-ҳаракатларда ўз ифодасини топмоқда.