Қулай инвестициявий муҳит самаралари
Фарғона вилоятида ҳам экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи қўшма ва хорижий корхоналар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Истиқлолнинг дастлабки йилларида вилоятда атиги 2 қўшма корхона фаолият кўрсатган бўлса, айни пайтда хорижий ҳамкорлар иштирокидаги 123 корхона ишлаб турибди.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган туб иқтисодий ислоҳотлар жараёнида хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, чет эллик сармоядорлар билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш имконини бераётир.Фарғона вилоятида ҳам экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи қўшма ва хорижий корхоналар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Истиқлолнинг дастлабки йилларида вилоятда атиги 2 қўшма корхона фаолият кўрсатган бўлса, айни пайтда хорижий ҳамкорлар иштирокидаги 123 корхона ишлаб турибди.
Ўзбекистон Республикасининг “Чeт эллик инвeсторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонунлари, давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 апрелда қабул қилинган “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Вилоятда фаолият юритаётган қўшма корхоналар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, кўрсатилган савдо ва хизматлар ҳажми 647,8 миллиард сўмни ташкил этди. Бу 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 27,5 фоиз кўп демакдир. Ўтган йили хорижий инвестициялар иштирокида 11, жорий йилда эса 16 корхона ишга туширилди.
Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, тайёрланаётган маҳсулотлар сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этишда ҳар йили ишлаб чиқилаётган ҳудудий саноат салоҳиятини ошириш дастурлари қўл келмоқда. 2014 йил учун мўлжалланган шундай дастурлар доирасида январь-август ойларида жалб қилинган инвестициялар ҳажми белгиланган режага нисбатан 120,7 фоизни ташкил этди. Сармоялар тўқимачилик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, машинасозлик, мева-сабзавотни қайта ишлаш соҳаларига йўналтирилди.
– Президентимиз раҳнамолигида хорижий ишбилармонлар фаолияти учун барча шарт-шароит ва қулай сармоявий муҳит яратилгани, мебелсозлик корхоналарига солиқ ва божхона имтиёзлари берилгани муваффақиятларимиз омили бўлмоқда, – дейди Тошлоқ туманидаги “Палмапласт” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси раҳбари Тоҳиржон Собиров. – Тадбиркорларга кўпроқ эркинлик берилиб, талаб қилинадиган лицензия ва рухсатнома бериш тартиб-таомиллари соддалаштирилгани, айримлари бекор қилингани юртимизнинг инвестициявий салоҳиятини янада оширди. Бу инвестициялар оқимини кўпайтириш, чет эллик сармоядорлар иштирокида янги ишлаб чиқариш субъектлари ташкил этиш имкониятини кенгайтирмоқда.
Вилоятнинг Данғара, Тошлоқ, Бешариқ туманларида ҳам хорижий инвестиция иштирокида корхоналар ташкил этилди. Натижада минглаб ёшлар янги иш ўринларига эга бўлмоқда.