Уларнинг ҳаёти биз учун ибрат...
Олмалиқ шаҳридаги "Металлург" маданият саройида "Уларнинг ҳаёти биз учун ибрат" мавзусида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди.
Мазкур маънавий-маърифий тадбир Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) ва Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда собиқ давлат ва жамоат арбоби, меҳнат фахрийси Абдуҳошим Муталов, Ўзбекистон халқ шоири Барот Исроил, Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти раҳбари Раҳматилла Шералиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова, Республика Маънавият ва маърифат маркази масъуллари, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Фароғат Худойқулова, Тошкент вилояти Нуронийлар кенгаши раиси Абдусамат Носиров, ОКМК ва шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари, Нуронийлар кенгаши ҳамда ОКМК нуронийлари иштирок этди.
Тадбирда Абдуҳошим Муталов ўз меҳнат ва ҳаёт фаолияти ҳақида ёшларга сўзлаб берар экан, мустақилликнинг илк йилларида мамлакатимизда рўй берган ҳодисалар ва амалга оширилган ислоҳотлар бўйича қизиқарли маълумотларни тақдим этди. Шунингдек, у бугунги кунда комбинатда амалга оширилаётган асрларга татигулик ўзгаришлар ва инвестициявий лойиҳаларда иштирок этаётган ишчи-ходимлар ҳақиқий замонамиз қаҳрамонлари эканлигини алоҳида таъкидлади.
Шоирлар ўз ижод намуналарини томошабинларга ҳавола этди. Шунингдек, тадбир давомида техника фанлари доктори, профессор Абдурашид Ҳасанов ва шогирдлари томонидан нашр қилинган бир қатор илмий асарлар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси, журналист Ойсара Дадаева муаллифлигида ОКМКнинг 75 йиллигига бағишланган "Яшил иқтисодиёт сари" ҳамда "Тошлардан таралган оҳанг" китобларининг тақдимоти ўтказилди. Ушбу "Тошлардан таралган оҳанг" асари ОКМКнинг 75 йилдан зиёд тарихи, мамлакатимиз оғир саноати ва комбинат ишчиларининг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий-хронологик қисса эканлиги қайд этилди.
Тадбир сўнгида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова ижро этган дилрабо тароналар барчага байрамона кайфият улашди.Мазкур уч авлод учрашуви ёшларга фахрийларнинг ҳаёт йўлини ибрат қилиб кўрсатиш, уларнинг бой тажрибасини етказиш ва миллий қадриятларни улуғлашга хизмат қилди.
ОКМК Ахборот хизмати