Улардан ибрат олайлик, азиз замондош!
Шиддатли даврда яшаяпмиз. Кечаги кун билан бугунни таққослаб бўлмай қолди.
Қарашлар турфа. Улуғ мақсадлар атрофида бирлашишдан кўра, кичкина-кичкина “орзуча”ларга эришиш учун телба-тескари кўчаларда “тентираб” юрганлар қанча.
Одамлар эртани ўйламайдиган, енгил-елпи мақсадлар йўлида оғирнинг остидан, енгилнинг устидан ўтиб кетадиган бўп қолди. Замон ўзгариб кетди, деб аюҳаннос солувчилар орамизда йўқ эмас. Аслида замон эмас, одамларда қарашлар ўзгарди. Жамиятга, рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга муносабатларда эврилиш рўй берди.
Бу ҳақиқат. Аммо ўша “жин йўлаклар”да дайдиб юрган, одамлар орасига “ола оралатаётган”ларнинг чалғитувчи шов-шувли “чанг тўполони”га акс тарзда соф ва халол интилиши, ибратли меҳнати билан эртанги ёруғ кунлар ёғдусини таратаётган, ҳаётнинг нақадар гўзаллигини англатиб турганлар ҳам борки, улар доимий тарзда халқни, миллатни бир мақсад атрофида жипслашишга, шахду шижоат кўрсатишга чорлаб келаверади.
Куни кеча давлатимиз раҳбари Токиода якунланган 16-паралимпия ўйинларида Ватанимиз шуҳратини улуғлаш билан бирга, оддий ҳаёт жараёнида ўз матонати, жасорати, иродаси билан барчамизга ибрат бўлаётган фидойи спортчиларимизни тақдирлаш маросимида таъкидлаганларидек, “Улар тақдир синовларига мардона бардош бериб, сабр-тоқат ва шукроналик руҳи билан, ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиб яшаётганининг ўзи катта жасорат ва қаҳрамонлик намунасидир. Бундай инсонларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида халқимиз, айниқса, ёшларимиз қанчалик кўп хабардор бўлса, улардан ўрнак олиб яшаса, бу жамиятимиздаги маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилади”.
Дарҳақиқат шундай. Президентимиз деярли кун ора шу ҳақда куйинчаклик кўрсатаётган, оммавий ахборот воситалари, интенет тармоқлари иродали паралимпиячиларнинг ғалабалари ҳақида чиқишлар амалга ошираётган бўлса-ю даҳлдорлик ҳиссини сезмаётган, “қулоғига гап кирмаётган” одамларнинг борлиги ачинарли ҳол.
Гапнинг рости, хушхабарнинг қаноти бор дегувчи гаплар “отам замонларда” қолиб кетди. Бир пайтлари “қизил давр”нинг олатаъсир кунларида қишлоқларда, колхозу совхоз идораларида, маҳалла гузарларида, мактабу боғчаларда, ҳаттоки бозорларда ҳам осма радио карнайлар бўлардики, ҳамма- ҳамма нарсадан хабардор эди, гўёки. Аслида эса ўша “коммунизм байроқдорлари” нимани айтиб, нимани айтмаслик тамойилида иш кўрган пайтлар “Хушхабарнинг қаноти эмас, дўмбираси ҳам бор” бўлиб чиқардики, бешикдаги боланинг ҳам хабардорлиги таъминланарди.
Бугунчи? Бугун ахборот оқими ҳоҳлаган зайлда етказилаётган, тарқатилаётган даврда нега ўша ”эскилик сарқити”дан фойдаланмаслик керак?
Ҳар нарсанинг ёмон томони бўлгани каби, унинг яхшилик жиҳати ҳам мавжудлигини инобатга олган ҳолда мактаблар, маҳалла гузарлари, бозору кенг кўчаларга шундай радио карнайлар ўрнатилса, одамларнинг хабардорлиги ошиб, қилинаётган ишларга озгина бўлса-да, дахлдорлиги шаклланарди. Дахлдорлик ҳисси эса ўз-ўзидан жамоатчилик орасида ватанпарварлик, оддий инсоний ҳис-тўйғуларнинг шаклланишига хизмат қиларди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев, матонатли спортчилар билан учрашувда “афсуски, ҳозирги вақтда ёшлар орасида ҳаётда озгина тўсиқ ёки қийинчиликка учраса, ўзини йўқотиб, умидсизликка тушиб қоладиган, ножўя йўлларга кириб кетадиган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. Ватани, ота-онаси, Президенти улардан кўп нарса кутаяпти. Улар ҳам менинг фарзандларим, яхшиси ҳам, ёмони ҳам меники. Сизлар орқали адашган ёшларни тарбиялаб олсак, бу менинг энг катта ғалабам”, дея таъкидлаши ортидан мамлакатимизда “Матонат мактаби” тизимини жорий этиш ташаббусини илгари суришида айни Ватанга дахлдорлар сафини кенгайтириш, мамлакатимизни жаҳон ҳамжамиятининг ривожланган давлатлари қаторида кўришдек некбин истак мужассам.
Шукр, қалб-қўри эзгуликлар билан лиммо-лимлар орамизда бисёр. Шунинг учун ҳам юртимизнинг минг-минглаб ёшлари нафақат спорт соҳасида, балки жамиятнинг барча қатламларида юксак марраларни эгаллаб келмоқда. Қоракўллик ёш математиклар, фарғоналик ихтирочи ёшлар, бугун ўз бизнес тизимини хорижий мамлакатлар миқёсида жорий этаётган наманганлик истеъдодлар, ҳарбий салоҳияти билан халқаро армия ўйинларида зафар қучаётганлар, боғу бўстон бунёдкорлари бўлган юзлаб ёш авлод вакиллари Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларига камарбасталигини ўз фаолиятлари билан кўрсатиб келаётганлардандир.
Уларнинг ибратли ҳаёт тарзи бир кўринишда оддий ҳолдек гап. Бироқ унинг ортидаги меҳнату изланишлар ерда юргандек дор устида бамайлихотир одим ташлаётган дарбознинг ҳаракати каби жасорат намунасидир. Зотан, ҳассос шоиримиз Абдулла Орипов лутф этганларидек,
Булутларга ёндош, осмон остида
Киприкдаги ёшдай турибди дорбоз.
Қиличнинг дамидай арқон устида
Кўзларини юмиб юрибди дорбоз.
Одамлар, одамлар, уни олқишланг,
Қаранг, у нақадар энчил ва ўктам.
Биз-чи, эҳ... баъзи бир кўзи очиқлар
Эплаб юролмаймиз катта йўлда хам.

Тўлқин Рўзиев,
ЎзА