Улар ҳам Халқ демократик партиясини танлашди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаолиятига қизиқиш, айниқса, ёшлар орасида тобора ортиб бораяпти.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаолиятига қизиқиш, айниқса, ёшлар орасида тобора ортиб бораяпти. Яқинда яна бир гуруҳ ёшлар партияга аъзо бўлди.
Улар орасида Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Назокат Муҳаммедова ҳам бор.

– Қандайдир масалани ечиш учун турли хил фикрларнинг билдирилиши, таклифлар баён этилиши демократиянинг муҳим белгиларидан биридир. Ўз фикрингизни, таклифингизни ҳимоя қилиш, баҳсга киришиш, муносабат билдириш, турли позицияларнинг илгари сурилиши – жуда қизиқ жараён. Яна бир аҳамиятли томони, бу муаммони ҳал қилиш, энг тўғри йўлни танлаб олишга хизмат қилади.
Ана шундай фаол ҳаёт тарзига қизиққанлигим учун келгусида сиёсатчи, депутат бўлишни орзу қиламан. Бунинг учун сиёсий партия сафида туриб, сиёсий-ҳуқуқий билимимни, фаоллигимни ошириб боришни мақсад қилганман. Узоқ вақт кузатувлардан сўнг, фикрларим ғояларига мослиги сабабли Ўзбекистон Халқ демократик партиясига аъзо бўлдим.
Партиянинг янги Сайловолди дастурига киритилаётган долзарб ижтимоий масалалар, хусусан, “Яшаш минимуми” ва “Истеъмол саватчаси” тўғрисида қонунлар қабул қилиш зарурати тўғрисидаги таклифлари менга жуда маъқул бўлди.
Шунингдек, аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами, жисмоний имконияти чекланган кишилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлари ЎзХДПга бўлган интилишимни янада оширди.
Энди мен бор кучим, салоҳиятим билан ўзим аъзо бўлган партиянинг дастурий мақсадларини рўёбга чиқариш учун ҳаракат қиламан. Мамлакатимиздаги йирик партия аъзоси эканлигимдан фахрланаман.
Феруза МАДРАҲИМОВА, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси:
— Бугунги кунда узлуксиз таълим тизимида сифатни ошириш бўйича қатор амалий ишлар қилинмоқда. Шунга қарамай таълим сифатини таъминлашда ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Ўзбекистон Халқ демократик партияси айнан мана шу масалалар ечими билан боғлиқ ташаббусларни кўтариб чиқаётгани эътиборимни тортди. Шунингдек, ушбу партиянинг дастурий мақсадлари халқчиллиги, аҳолининг барча қатламига мақбул шароит яратиш учун курашишга бел боғлагани мени мазкур партия сафида бўлишга ундади.
Шу аснода иш юзасидан партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Аброр Қурбонов билан бир партия томонидан амалга оширилаётган ишлар, илгари сураётган ташаббуслар ҳақида суҳбатлашиб қолдик. Жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик жараёнлари ҳамда партия Сайловолди дастуридаги аҳоли манфаатига хизмат қиладиган масалалар эътиборимни тортди. Натижада бундай хайрли ишларда ўз ҳиссамни қўшишни мақсад қилдим.
Ўзбекистон ХДП марказий кенгаши Ахборот хизмати