Уламоларнинг АҚШ сафари бошланди
Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси хабарига кўра, эзгулик, мурувват, меҳр-оқибат рамзи - муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш мақсадида 20 апрелдан 2 майга қадар ўзбекистонлик бир гуруҳ имом-хатибларнинг Америка Қўшма Штатларига сафари уюштирилди.
Дипломатик ваколатхонамиз ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида амалга оширилаётган ушбу ташриф доирасида имом-хатиблар океан ортида юртдошларимиз истиқомат қилаётган, таҳсил олаётган 6 та шаҳарда бўлади. 20-25 апрель кунлари кетма-кет Вашингтон, Филадельфия, Нью-Йорк, Цинцинати, Чикаго, ва Орландога бориш режалаштирилган.
Ташриф давомида ватандошлар, миллий диаспора етакчилари билан учрашувлар, маҳаллий масжидларда ислом дини қадриятлари ҳақидаги, радикализмга қарши курашиш, АҚШда яшовчи ўзбек ёшлари ўртасида экстремистик ғоялар тарқалишининг олдини олиш мавзуларида маъруза қилинади. Бундан ташқари Ўзбекистон имом-хатиблари АҚШ расмий, диний ва жамоат доиралари вакиллари иштирокидаги конфессиялараро ифторлик, юртдошларимиз ташаббуси билан қурилган масжидларнинг тантанали очилиш маросимларида иштирок этади.
Сафар доирасида Давлат департаменти, Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ комиссиясида алоҳида учрашув, музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Америкалик эксперт ва жамоатчилик доираларини республикамизда диний бағрикенглик тамойилларини таъминлаш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишлардан хабардор қилиш мақсадида Тинчлик институти таҳлил марказида брифинг ўтказиш режаси бор.
Мамлакат шарқий қирғоғида жойлашган, Aмерика мусулмонларининг асосий ибодат маскани - Виржиния штатидаги 5000 дан ортиқ оилага хизмат кўрсатувчи AДAМС маркази билан ислом асослари ва араб тилини ўрганиш бўйича шерикликни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилиниши кўзда тутилган.
Кенг қамровли ташриф давомида икки давлат диний идоралари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, академик алоқани кучайтириш, ҳадис илмини ўқитиш борасида фикр алмашиш, америкалик зиёрат саёҳатчиларининг Ўзбекистонга мунтазам сафарларини уюштириш масаласи ҳам муҳокама қилинади.
ЎзА