“Учқудуқнинг 40 йиллиги” боғи барпо этилмоқда
Навоий вилояти Учқудуқ тумани ташкил топганига 40 йил тўлди. Мазкур сана муносабати ва мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2,5 гектар майдонда “Учқудуқ туманининг 40 йиллиги” боғи ташкил этилмоқда. Боғда асосан чўл ҳудудига мос бўлган иссиқ гармсел ва қурғоқчиликка чидамли 2 минг дона гужум, қайрағоч, сувсизликка чидамли саксовул кўчатлари экилди.
Дарҳақиқат, “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари Учқудуқ туманида ҳам уюшқоқлик билан олиб борилаётир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, айни палладаги мўътадил иқлим дарахт кўчатларини ўтқазиш учун қулай фурсат.


“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида туманнинг барча 14 та маҳалла ва 150 дан ортиқ кўчаларини обод қилиш, манзарали, мевали дарахт кўчатларини экиш ва она табиатни асраш бўйича Дастур ишлаб чиқилган. Унга кўра, жорий йилда 562 минг 400 дона манзарали, мевали дарахт кўчатлари ва қаламчаларини экиш режалаштирилган.
Ҳозирда туман ҳудудидан ўтувчи магистрал автомобиль йўллари ёқасида 85 минг 600 дона, қишлоқ хўжалиги ерларида иҳота дарахтзорлар барпо этиладиган ерларда 326 минг 940 дона, Учқудуқ касб-ҳунар мактаби ва Учқудуқ саноат техникуми объектларида 790 дона, халқ таълими бўлими тасарруфидаги муассасаларда 3 минг 441 дона, мактабгача таълим ташкилотларида 2 минг 400 дона, соғлиқни сақлаш объектларида 2 минг 610 дона, корхоналар ва хизмат кўрсатиш соҳаси ҳудудларида 56 минг 597 дона, туман ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги ҳудудлар, кўчалар ва объектларда 51 минг дона, маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлари ҳудудлари ва бошқа объектларда 33 минг дона кўчат ҳамда қаламчалар экилмоқда.




А.Бўриев, ЎзА.