Учқудуқда тадбиркор аёллар сафи кенгаймоқда
Қарийб 40 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган Учқудуқ тумани маркази Навоий шаҳридан 300 километр олисда — Қизилқум саҳроси бағрида жойлашган. Кончилик саноати тараққий этган туманда сўнгги йилларда тадбиркорлик, хусусан хотин-қизлар тадбиркорлиги, қурилиш саноати жадал ривожланиб, янги корхоналарнинг ишга тушиши ҳисобига аҳолининг гавжумлашуви ҳам жадал суръатга кирган.
Айни пайтда ҳудуднинг хусусий бизнесида қурилиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хўжалик моллари ишлаб чиқариш каби тармоқлар муҳим йўналишлардан саналади.
Савдо ва хизмат кўрсатиш корхонаси бўлган “Шоира Ёдгор” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шоира Ёдгорова Учқудуқнинг пешқадам тадбиркор аёлларидан. Учқудуқ шаҳрида 1997 йилданоқ бизнес фаолиятини бошлаб, хусусий корхонасини муваффақиятли бошқариб келаётган ташаббускор тадбиркор меҳмонхона хизмати кўрсатишни ташкил этишга ҳам эътибор қаратди. Даставвал 16 ўринли кичик меҳмонхона фаолияти йўлга қўйилган бўлса, бугунги кунда қўшимча равишда яна 40 ўринли янги худди шундай объект барпо этилаяпти.
[gallery-4454]
Яна бир фаол тадбиркор Саодат Элова ҳам Учқудуқ шаҳрида фаолият олиб боради. Унинг қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ChOKO LIFE” хусусий корхонаси 2016 йилда ташкил этилган. 10 турга яқин маҳсулот тайёрланаётган мазкур корхонада ҳозирда 10 нафарга яқин хотин-қизнинг бандлиги таъминланган.
Фидойи тадбиркор ва ҳунарманд Рима Абдукаримова Учқудуқ шаҳридан 65 километр олисда жойлашган Мингбулоқ овулида яшайди. Илк бор ҳунарманд сифатида жунни қайта ишлаб, кигиз тайёрлашни йўлга қўйган тадбиркор аёл, 2019 йилда шу йўналишда алоҳида цех ташкил этди. Бундан ташқари, тикувчилик цехи фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Ҳозир мана шу иккала цехда овулдаги 20 нафардан зиёд хотин-қиз иш билан банд. Улар томонидан тайёрланаётган кигиз ҳамда келинлар сепи учун маҳсулотларга қўшни Қозоғистондан ҳам буюртмалар ортмоқда.
Бир сўз билан айтганда, мавжуд имкониятлар ва қолаверса, туман мутасадди ташкилотлари ҳамда банк муассасалари томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор Учқудуқда ўз самарасини бермоқда.
Сирож АСЛОНОВ олган (сурат), ЎзА