Учқудуқ овулларининг қадим оҳанглари
Учқудуқ овулларида бот-бот ўтовларга дуч келишингиз табиий. Ўтов азалдан чорвачилик билан шуғулланиб келган туб аҳолининг асосий бошпанасидир. Бундай кўчма уй тез тикланиши ва йиғилиши билан кўчиб-қўниб юришга жуда қулай саналади.
Тарихий манбаларда айтилишича, ўтовнинг, яъни кигиз уйнинг пайдо бўлиши эрамиздан олдинги 3 минг йилликка тўғри келар экан.
Дарвоқе, Учқудуққа ташриф буюрган киши овулларда чой билан боғлиқ қизиқ одатларга ҳам гувоҳ бўлиши мумкин.
Албатта, янги келинчакнинг қўлидан “чой ичиш” маросими ҳақида эшитганмиз. Учқудуқ овулларида бу удум бироз бошқача ва унда ўзига хослик бор. Бу ерда қизлар болалигиданоқ оналаридан чой дамлаш ҳадисини ўрганишади. Янги келинчак ҳар бир чой ичувчининг таъбига кўра суюқ, қуюқ, сут билан ёки сутсиз чой қуйиб, одоб билан узатиши керак. Узатилаётган ҳар бир пиёланинг ўз эгасига етиб бориши маросимнинг муҳим жиҳатидир.
[gallery-5389]
Учқудуқ овулларида бўлган меҳмон бу ерликларнинг асосий таоми - бешбармоқни тановул қилмай кетмайди. Учқудуқликларда меҳмон шарафи учун жонлиқ сўйиб, бешбармоқ билан сийлаш анъанага айланган. Асосан гўшт ва хамирдан иборат ушбу таом сузилганида, албатта, меҳмонга қўйнинг пиширилган калласи келтирилади. Учқудуқликларнинг айтишича, бу ҳурмат ва эҳтиром белгисини билдирар экан.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА