Учқўрғонда йирик тиббий марказ қурилади
Юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишда хусусий сектор вакиллари ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Наманган вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов ҳамда Туркиянинг “Kanimed Saglik Cozumleri” компанияси бошқарув кенгаши раиси Филиз Эрдоган Марашлиоглу ўртасидаги музокаралар ҳам бу борадаги навбатдаги амалий қадамлардан бири бўлди.
Қайд этиш жоиз юртимизда давлат рўйхатидан ўтказилган масъулияти чекланган жамияти шаклидаги мазкур хорижий корхона томонидан Учқўрғонда “Замонавий диагностика марказини ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун тумандаги Чек маҳалласи ҳудудидан 0,2 гектар ер майдони ажратиб берилди. Ушбу истиқболли лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллион долларга тенг бўлиб, марказда энг замонавий тиббиёт анжомлари ёрдамида 200 дан зиёд тиббий таҳлил намуналари олиниши кўзда тутилган. Юқори малакали турк шифокорлари таклиф этилишидан ташқари маҳаллий кадрлар учун 50 та янги иш ўрни яратилади.
[gallery-763]
– Компаниямизнинг диагностика маркази Сурхондарё вилоятида фаолият кўрсатмоқда. Яна Тошкентда ва Андижонда ҳам очишни кўзда тутганмиз. Намангандаги марказ кўлами ва сарфланаётган маблағ жиҳатидан уларнинг ичида энг йириги бўлади, – деди туркиялик инвестор.
Вилоят раҳбари мулоқот давомида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинган 2021 йилда бундай лойиҳаларнинг аҳамияти юқори эканлигини айтиб, уларнинг амалга оширилиши учун барча зарур шароитлар яратиб берилишини таъкидлади.
Маълумот ўрнида, “Kanimed Saglik Cozumleri” компанияси бошқарув кенгаши раиси Филиз Эрдоган Марашлиоглу хоним Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан Президентимиз фармонига биноан биринчи даражали “Саломатлик” ордени билан мукофотланган.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.