Учинчи ренессанснинг ўзига хос ташаббуслари...
Маълумки, Президентимиз водий вилоятларига ташриф буюрди. Барчамиз ташриф тафсилотларини кузатиб, гувоҳи бўлдик.
Нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё тарихида Президентларнинг вилоятларга ташрифи кўп кузатилади. Аммо бу гал Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятларга ташрифи ўзига хос жиҳатлари билан аҳамиятли бўлди. Одатий тайёргарликлардан холи ташриф тасодифларга бойлиги, табиийлиги, содда ва самимийлиги билан ажралиб турди.
Демократиянинг бир кўриниши сифатида халқнинг Президент қаршисида туриб ўз муаммоларини очиқ ва бехавотир сўзлай олишини мисол келтириш мумкин.
Айниқса, кутилмаганда ўз маҳалласида давлат раҳбарига дуч келиб қолган оддий халқнинг ҳайратини изоҳлаш мушкул. Балки шунинг учун ҳам бу ҳолат ижтимоий тармоқларда шов-шувларга сабаб бўлаётгандир.
Эътибор қилинса, Шавкат Мирзиёев Президент бўлгач, энг аввал халқ қабулхоналарини, Президентга мурожаат қилиш учун онлайн платформаларни, портал ва ижтимоий тармоқлардаги махсус саҳифаларни яратилишини ўзиёқ учинчи ренессанснинг ўзига хослигини англатади.
Президент муаммоларга, халқ дардига тик боқишдан қўрқмади. Муаммоларни мардларча қабул қилди. Уларга ечим излади. Яна бир аҳамиятли жиҳати борки, бундан беш йил аввал ҳеч биримиз давлат бошқаруви соҳасидаги ислоҳотларга, ҳокимият вакилларига эътирозларимизни очиқ-ошкора билдира олмасдик. Бугун ҳатто Вазирлар аёвсиз танқид қилинмоқда. Сўз эркинилиги таъминланиб, ОАВлари чинакам тўртинчи ҳокимиятга айланиб бормоқда.
Мулоқотимизга биринчи марта блогер деган атама кириб келди ва уларнинг фикрларига қулоқ тутилмоқда, кўтарилган масалаларга давлат даражасида эътибор қилинмоқда. Ҳаттоки, мансабдорлар блогерларнинг саволларига жавоб бериши, улар билан ҳисоблашиши ҳам одатий ҳолга айланди.
Агар эътибор билан қаралса, булар ўз-ўзидан қўлга киритилмади. Бунинг замирида давлат раҳбарининг амалга оширган изчил ислоҳотлари, меҳнати ва таъбир жоиз бўлса, жасорати ва халқпарварлиги ётибди.
ОАВлари орқали Президент ташрифи ҳақида ўқиб, шунга амин бўлиб бораяпмизки, мамлакатимиз чинакам демократик мамлакатга айланмоқда.
Маълумотларга қараганда, бу гал ташриф чоғида Президентга ҳамроҳлик қилган вазирларга ҳам осон бўлмаган. Уларнинг барчаси ҳам ўз тақдимотларидан кейин яхши гап эшитмаганлар. Президент ўзини халқ ўрнига қўя билгани ҳолда, халқ манфаатлари нуқтаи назари билан ёндашиб, кўп мансабдорларни қаттиқ танқид остига олдилар.
Хусусан, давлат раҳбарининг Наманган вилоятига ташрифи чоғида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов ва унинг ўринбосари Соҳиб Саифназаров ишни тўғри ташкил қилмагани учун жиддий танбеҳ эшитишларига тўғри келган.
Шунингдек йўллар масаласида Фарғонада дакки эшитган Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев бу гал ҳам танбеҳлардан холи қолмаган.
Ташриф чоғида оддий фуқароларнинг хонадонларида меҳмон бўлган Президент «Худога шукр, олдин азонлар эшитармидик? Қандай қулоққа ёқимли! Ҳамма нарса ёпиқ эди, кўп нарса мумкин эмасди. «Мумкин эмас...» Нимага мумкин эмас? Нимага? Бу ҳам ўзлигимизни англаш, қадрият!» дея таъкидлади.
Бу хонадонга ташриф чоғида маҳалла раиси бўлган 22 ёшли Музаффарга қараб, «Довруғинг Тошкентгача борди» деди.
Қаранг-а, 22 ёшида маҳаллага раис бўлиш ренессанс эмасми? Устига-устак, ёшларимиз ўз ишларини қиёмига етказиб олиб борса. 12 ёшида тахтга ўтирган Бобур, 8 ёшида шеър ёзган А.Навоийнинг авлоди эканини исботлашнинг ўзгинаси эмасми бу?
«Тавба қилсанг, иймон, шукур қилсанг, бойлик ортади», дейилади халқ мақолларида. Мамлакатимизда бўлаётган янгиланишлар, ўзгаришлар, нафақат сўз эркинилигини таъминлашда, балки барча соҳаларда тенгдан амалга оширилмоқда.
Учинчи ренессанснинг ўзига хос жиҳатларини англаш учун интернет титиш, олам кезиш, изланиш олиб бориш шарт эмас, атрофга қарашнинг ўзи кифоя. Ҳар қадамда янгиланиш, ҳар қадамда имконият.
Биздан бугун фақат бир нарса талаб этилади холос – бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар, деганларидек, агар бу йўлда бирлашиб, давлат раҳбари атрофида ҳамфикр ва маслакдош бўла олсак, кўзлаган мақсадларимизга албатта эришамиз!
Ҳамиджон Омонов,
ЎзМТДП
Андижон вилоят Кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати