Учинчи Ренессанснинг илмий-маънавий асослари
Навоий давлат педагогика институтида “Учинчи Ренессанснинг илмий-маънавий асослари” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда олимлар, профессор-ўқитувчи ва талабалар онлайн иштирок этди. Учинчи Ренессанс ғоясини шакллантиришда, аввало, ижтимоий-гуманитар, фан ва таълим соҳалари, йўналишлари, миллий ғоя ва унинг илмий назарий жиҳатларининг ислоҳотлар билан боғлиқлигини ўргатиш, шунингдек, маънавий, сиёсий, ахлоқий, ғоявий, эстетик таълим-тарбияга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги алоҳида таъкидланди.

Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим”, деб таъкидлаган эди.
Конференцияда Қорақалпоғистон, Тошкент, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларидаги университет ва институтлар профессор-ўқитувчилари томонидан "Янги Ўзбекистонда миллий тараққиёт – Учинчи Ренессанс пойдевори", "Тарих сабоқлари ва Учинчи Ренессанс зарурати", "Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда маданий меросларимизнинг аҳамияти", "Таълим фалсафаси – Учинчи Ренессанс шаклланиши ва ривожланишининг методологик асоси", "Учинчи Ренессансни миллий ғоя сифатида илмий жиҳатдан талқин қилиш масалалари" каби мавзуларда маърузалар қилинди.

Конференция якунида мавзу доирасидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича таклифлар билдирилиб, умумлаштирилди.
Абдували Бўриев, ЎзА