Учинчи ўрин учун баҳс: шараф, ғурур ва муносиб якун
Бугун Франция ва Англия терма жамоалари Майамидаги «Ҳард Рок» стадионида учинчи ўрин учун майдонга тушади.
2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўзининг ҳал қилувчи босқичига етиб келди. Финалдан бир кун аввал, 18 июль куни АҚШнинг Майами шаҳридаги «Ҳард Рок» стадионида мусобақанинг учинчи ўрини учун баҳс бўлиб ўтади. Унда ярим финалда мағлубиятга учраган Франция ва Англия терма жамоалари бронза медаллари учун майдонга тушади. Учрашув Тошкент вақти билан 19 июлга ўтар кечаси соат 02:00 да бошланади.
Бир қарашда бу учрашув чемпионлик учун кураш эмас. Бироқ, Жаҳон чемпионатида учинчи ўринни эгаллаш ҳам катта натижа ҳисобланади. Айниқса, икки Европа гранди учун мусобақани ғалаба билан якунлаш, мухлислар олдидаги масъулиятни бажариш ҳамда футболчиларнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан мазкур баҳс алоҳида аҳамият касб этади.
Франция ярим финалда Испанияга имкониятни бой берди. Дидье Дешам шогирдлари турнир давомида мувозанатли ва интизомли ўйин намойиш этган бўлса-да, ҳал қилувчи паллада рақибнинг юқори суръати ва самарадорлиги олдида ожиз қолди. Энди французлар бронза медалини қўлга киритиб, Жаҳон чемпионатини муносиб натижа билан якунлашни кўзламоқда.
Англия эса ярим финалда Аргентинага қарши баҳсда финал йўлланмасига жуда яқин келган эди. Бироқ, учрашувнинг ҳал қилувчи дақиқаларида ўтказиб юборилган голлар инглизларни финалдан маҳрум қилди. Шу боис Тухел жамоаси учун бронза баҳси руҳий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга. Жамоа мусобақани медаль билан якунлаш ва ўз имкониятларини яна бир бор намоён этишни мақсад қилган.
Тактик жиҳатдан ҳар икки жамоа ҳужумкор футболга таянади. Франция тезкор қарши ҳужумлар ва юқори индивидуал маҳоратга эга футболчилари орқали хавф туғдирса, Англия марказдаги босим, қанот ҳужумлари ҳамда стандарт вазиятлардан самарали фойдаланишга интилади. Финалга чиқа олмаган жамоалар учун бундай баҳсларда психологик тайёргарлик кўпинча тактик режадан ҳам муҳим омилга айланади.

Жаҳон чемпионатлари тарихида учинчи ўрин учун ўйинлар кўплаб ёрқин воқеалар ва сермаҳсул ҳисоблар билан ёдда қолган. Бу сафар ҳам икки кучли терма жамоа эркинроқ услубда ҳаракат қилиши кутилмоқда. Бу эса мухлисларга очиқ, тезкор ва голларга бой футбол тақдим этиши мумкин.
Шундай экан, Майамидаги баҳс расмий жиҳатдан финал бўлмаса-да, унинг аҳамияти юқори. Бу учрашувда миллий ғурур, Жаҳон чемпионати медали ва мусобақани ғалаба билан якунлаш имконияти демак. Шу боис, Франция ҳам, Англия ҳам майдонга ягона мақсад — ғалаба учун чиқади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА