Учинчи фан ва атом фестивали
"Москва муҳандислик-физика институти" Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиалида "Учинчи фан ва атом" фестивали ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ва “Росатом” давлат корпорацияси кўмагида ташкил этилган ушбу фестивалда талабалар ва юқори синф ўқувчилари иштирок этди.
Фестиваль очилишида "Москва муҳандислик-физика институти" Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ижрочи директори вазифасини бажарувчи Шавкат Абдукомилов ва бошқалар фан ва атом фестивалининг анъанавий ўтказилиши ушбу соҳани янада ривожлантириш, ушбу йўналишдаги янгиликларни кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Фестивалдан кўзланган мақсад илм-фан ва техника соҳасидаги миллий ютуқлардан жамоатчиликни хабардор қилиш, ёшлар ўртасида техник мутахассисликларни тарғиб этиш, инсонларни атомни тинчлик мақсадида ишлатиш бўйича хабардор қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бугунги кунда бу каби фестивални атом энергетикаси ва ядро технологияси ривожланган мамлакатларда ўтказиш анъанага айланган.
"Москва муҳандислик-физика институти" Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ижрочи директори вазифасини бажарувчи Шавкат Абдукомиловнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда "Фан ва атом" фестивали 2019 йилдан буён ташкил этилмоқда. Мақсад ёшларга ядро физикаси ва атом энергетикаси ҳақида билим ҳамда тушунчалар беришдир. Негаки, фестивалнинг биринчи кунида мактаб ўқувчилари, иккинчи кунида эса талабалар иштирок этади.
[gallery-5112]
– Бугунги кунда “Москва муҳандислик-физика институти” Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиали замонавий ва барча қулайликлар мавжудлиги билан муҳим аҳамиятга эга олий ўқув даргоҳдир. Бу ерда ўқиётган 213 нафар талаба “Атом энергетикаси ва иссиқлик физикаси”, "Ядро физикаси ва технологиялари”, “Иссиқлик энергияси ва иссиқлик физикаси”, “Электр энергетикаси ва электротехника” йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда. Ўқув дастури иш берувчиларнинг талаблари асосида ишлаб чиқилган. Филиалда бакалаврлар кундузги таълим дастури асосида таҳсил олади, – деди Шавкат Абдукомилов.
Айтиш жоизки, икки кунлик дастур ўзбек ва рус олимларининг маърузалари, илмий ўқишлар, очиқ мунозаралар, викториналар, ток-шоулар, маҳорат дарсларини ўз ичига олади.
– Мен биринчи бор бу фестивалга қатнашдим, – деди Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Отабек Ибрагимов. – Аввало, менга олий ўқув юртидаги замонавий шароитлар манзур бўлди. Фестивалга келадиган бўлсак, унда турли интерактив ўйинлар ва викториналар ташкил этилди. Физика-матерматика асосланган мактабда таълим олаётганимиз учун ушбу фестиваль биз учун янада аҳамиятлидир.
Фестиваль ўз ишини эртага давом эттиради.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА