Уч “Зулфиячи” тарбияланган маскан
Спорт нафақат мамлакатни дунёга танитиш, балки халқ соғлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялашнинг асосий мезони ҳамдир.
Учқудуқ туманидаги “Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуаси ёшларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланиши ҳамда уларда ақлий, руҳий, аҳлоқий ва ватанпарварлик туйғуларини тарбиялашда алоҳида ўрни бор.

Тарихга назар
Гандбол спорт туридан икки карра жаҳон чемпиони, 1988 йилда ўтказилган олимпиада ўйинлари иштирокчиси, “Хизмат кўрсатган спорт устаси” Михаил Васильев, бадиий гимнастика спортидан 4 карра жаҳон чемпиони, “Хизмат кўрсатган спорт устаси” Венера Зарипова, пауэрлифтинг спортидан жаҳон ва Осиё чемпиони, “Хизмат кўрсатган спорт устаси” Надежда Малюгина каби спортчиларни нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё танийди, десак тўғри бўлади.
Моҳир спортчилар республикамизнинг энг чекка ҳудуди – Учқудуқда вояга етган.
Бугунги “Лочин”
Спорт мажмуасида яратилган шарт-шароитлар марказдаги бошқа спорт мажмуалари билан бемалол рақобатлаша олади. Шундан бўлса керак, бу ерда тарбияланаётган ёш спортчилар салмоқли ютуқларни қўлга киритмоқда.
Жумладан, Андрей Хлупин сузиш бўйича Европа чеипиони, Самат Медешев дзюдо спортининг А категорияси бўйича Европа чемпиони, Ҳусниддин Бўриев пауэрлифтинг бўйича жаҳон чемпионати қатнашчиси.
Ҳозирда бу ерда олиб борилаётган 15 та спорт секциясида мунтазам равишда 1400 нафар ишчи-ходим, шундан 940 нафари болалар ва ўсмирлар қатнашиб келмоқда. Ўсмирлар жамоалари ўртасида спортнинг футбол туридан республика очиқ турнири мусобақаларида мураббий Бобомурод Қамбаров раҳбарлигидаги жамоа бир неча бор фахрли ўринларга сазовор бўлди.

Ирина Анещенко мураббийлигида Илья Исаев, Ғалия Абубакирова, Даниил Шульц, Нигора Тошматова, Ольга Пашкова, Сергей Железняк, Олег Самойленко каби сузувчилар нуфузли мусобақаларда қатнашиб, совринли ўринларни эгаллган.
“Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуасида 2 та бассейн, дзюдо, фитнес клуб, енгил атлетика ва бадиий гимнастика заллари, волейбол, баскетбол ҳамда сунъий қопламали мини футбол майдонларида барча шарт-шароитлар яратилган.
Бу ердаги барча спорт майдонлари доимо спортнинг у ёки бу тури билан мунтазам шуғулланувчилар билан гавжум бўлади. Бундан ташқари, тез-тез Шимолий кон бошқармаси корхона ва ташкилотлари ишчи-ходимлари ўртасида турли спорт беллашувлари ўтказиб турилади.
Уч “Зулфиячи” тарбияланган маскан
Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган қизларни кўпчилик маданият, санъат, адабиёт соҳалари вакили, деб тасаввур қилади.
Лекин бу қизлар мазкур юксак мукофотга спорт йўналишида, аниқроғи, дзюдо бўйича республика ва халқаро миқёсида ўтказилган турли мусобақаларда эришган муваффақиятлари туфайли муяссар бўлган.
Уларнинг қўлга киритган ютуқлари нафақат қизларда, балки йигитларда ҳам ҳавас ҳам ҳайрат уйғотади.
Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган Ирода Жуманова, Маҳлиё Маннонова, Дилноза Камолова ёш бўлишига қарамай спортда анчагина ютуқларни қўлга киритган. Уларнинг барчаси бир мураббий – дзюдо спорт секцияси раҳбари Алишер Шодмонов қўл остида шуғулланган.
Албатта, бугун Ирода, Маҳлиё, Дилнозанинг ўзлари ҳам мураббий. Уларнинг ёшларни, айниқса, ёш қизларни нафосат ва чапдастликка уйғун тарбиялашаётгани таҳсинга лойиқ.
Шоира Зулфияхоним “Мен ўзим кўтарилган ҳар бир зинада устозлар назари барҳаётлигини ҳис этаман. Бугунги ёшларга ҳам шу туйғу ҳамроҳ бўлишини истайман”, деган эди. Халқ суйган шоиранинг издоши бўлишдек бахтга муяссар бўлган учқудуқлик қизларнинг совриндорлик масъулияти, “Шуҳрат” медали соҳиби, мураббий Алишер Шодмонов ўгит ва маслаҳатлари бугун катта-катта ютуқларга, нурли манзилларга эш бўлмоқда.
Спорт устаси унвонига сазовор бўлиш масъулияти
Спортчи спорт билан шуғулланишни бошлаши биланоқ, ғалаба нашидаси ва мағлубият азобини татиб кўришни бошлайди. Спортнинг машаққатларига чидаб, кейинги босқичга қолган ёшлар маҳоратларини ошириб, янги натижа ва ютуқларни қайд этиб боради.
Буни спорт мажмуасида фаолият юритаётган самбо ва дзюдо тўгарагида шуғулланаётган ёшлар мисолида кўриш мумкин. Мажмуа тарбияланувчилари жорий йилнинг ўзида халқаро мусобақаларда 1 та олтин, мамлакат чемпионатида 3 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалларини қўлга киритган.
Эътиборлиси, Моҳинур Абдурашидова, Маржона Турсунова, Сардор Тошимов, Шохназар Исомов, Гулина Облоқулова, Робия Абдуллаева сингари ёш спортчилар Ўзбекистон терма жамоаси аъзолигига қабул қилинди. Натижада Гулина Облоқулова ва Маржона Турсунова спорт устаси унвонига сазовор бўлди.
3 та олтин медаль
Яқинда ўтказилган дзюдо спортидан 2007-2008 йилда туғилган ўғил ва қиз болалар ўртасида “Ургенч шаҳар ҳоким кубоги” мажмуа тарбияланувчилари мувафаққиятли иштирок этди.

Республикамизнинг барча вилоятларидан 300 нафардан ортиқ ёш дзюдочилар иштирок этган мусобақаларда учқудуқлик қизлардан 30 кг вазнда Рухшона Ғайбуллаева, 52 кг вазнда Гуласал Облоқулова 63 кг вазнда Асал Шавкатова олтин медални қўлга киритган бўлса, 48 кг вазнда Робия Абдуллаева кумуш медалга эгалик қилди.
Жаҳон чемпионатида қўлга киритилган медалнинг қадри ўзгача
– Самбочиларимизни йил охирига қадар бир қатор йирик мусобақалар кутиб турибди, – дейди “Лочин” спорт мажмуаси мураббийи Алишер Шодмонов. – Ёш спортчиларимиз Чирчиқ шаҳрида ўқув-машғулот йиғинларини олиб бориб, 14-17 октябрь кунлари Грециянинг Салоники шаҳрида ўтказилган самбо бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун жўнаб кетганди. Мусобақада тарбияланувчимиз Гулина Облоқулова 3-ўринни қўлга киритди. У Сербия, Болгария, Исроиль, Франция, Греция, Россия давлатидан бўлган самбочи қизлар гуруҳидан жой олиб, бронза медалига сазовор бўлди. Бу биз учқудуқликларни хурсанд этди.
Шимолий кон бошқармаси томонидан “Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуасида аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратилмоқда.
Бу ерда ўтказилаётган турли мусобақалар орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, шунингдек ёшлар орасида иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Гулнора Масагутдинова,
“Лочин” спорт-соғломлаштириш мажмуаси раҳбари.
ЎзА