Уч юлдузли янги мехмонхона мижозлар хизматида
Андижон шаҳрида "Chinor hotel” деб номланган замонавий меҳмонхона иш бошлади. Андижон вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси мутасаддилари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида меҳмонхона очилишига бағишланган тадбирда Андижонда мехмонхона хизмати кўрсатиш сифати ва ҳажми, шунингдек, халқаро талабларга жавоб берадиган мехмонхоналар сони тобора ортиб бораётганлиги таъкидланди.
Андижон шаҳрининг Чинобод кўчасида барпо этилган уч юлдузли, 4 қаватдан иборат мазкур замонавий меҳмонхонада меҳмонлар учун зарур барча қулайликлар яратилган. Ўзига хос миллий ва замонавий дизайн асосида Европа стандартларига мос равишда жиҳозланган меҳмонхона бир вақтнинг ўзида 80 нафар мижозга хизмат кўрсатиш имкониятига эга.
Янги меҳмонхонанинг яна бир муҳим жиҳати, иситиш тизими ҳамда иссиқ сув таъминоти қуёш батареяси орқали амалга оширилади. Бу экологик жиҳатдан энг замонавий тизим ҳисобланади. Ушбу тизим вилоятдаги мехмонхоналар ичида биринчи бор жорий этилди.
[gallery-5587]
Бундан ташқари, меҳмонхона замонавий алоқа воситалари, тезкор интернет тизими билан жиҳозланган. Шунингдек, ресторан, 80 ўринли музокаралар зали, ёпиқ сузиш ҳавзаси ҳам мавжуд.
Янги меҳмонхона ишга тушиши билан 25 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА