Уч ойда 200 мингдан ортиқ хизмат кўрсатилди
Аҳолига хизмат кўрсатишда қулай шарт-шароит яратиш энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Аҳолига хизмат кўрсатишда қулай шарт-шароит яратиш энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Халқимизнинг ижтимоий ҳаётида давлат хизматларига бўлган эҳтиёжи ва талаби ортиб бормоқда. Айни кунда давлат хизматлари марказлари орқали 140 дан ортиқ турдаги давлат хизмати кўрсатилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси туман ва шаҳар марказлари томонидан 200 минг 868 та хизмат кўрсатилди.
Таҳлилларга кўра, давлат хизматлари бўйича мурожаатларнинг 5 минг 797 тасини тадбиркорликни давлат рўйхатидан ўтказиш бўлса, 24 минг 289 тасини болаларни мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш, 8 минг 206 тасини жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси ҳисобига қўйиш, 3 минг 84 тасини қурилиши тугалланган (реконструкция қилинган) объектни фойдаланишга қабул қилиш билан боғлиқ мурожаатлар ташкил этди.
Ўтган 3 ой мобайнида давлат хизматлари кўрсатиш тизимида 3 минг 050 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Қонунбузилиш ҳолатларининг 1 минг 236 таси “Ўзтрансгаз”, 706 таси ҳокимликлар, 287 таси ер ресурслари ва давлат кадастр хизмати, 206 таси солиқ, 148 таси “Ўзбекэнерго” тизими, 83 таси қурилиш, 19 таси давлат санитария-эпидемология назорат маркази, 3 таси таълим муассасалари, 331 таси бошқа хизмат кўрсатувчи идоралар ҳиссасига тўғри келган. Аниқланган қонунбузилишлар бўйича 19 та тақдимнома киритилди, 25 нафар шахсга интизомий жазо қўлланилган бўлса, 71 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Бугунги синовли кунларда ҳам Давлат хизматлари марказлари ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ. Бироқ, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш биринчи навбатдаги масала ҳисобланади. Кўпчилик бўлиб тўпланиб туриш таъқиқланган бугунги кунда бунинг олдини олиш талаб этилади. Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган барча давлат хизматлари электрон шаклда my.gov.uz портали орқали онлайн тарзда ва фақат кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина идораларда амалга оширилади. Шунингдек, ФҲДЁ бўлимларида фуқароларни қабул қилиш ходимларнинг навбатчилиги асосида кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина (туғилиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини қайд қилиш) ташкил қилинган дарча орқали амалга ошириш белгилаб қўйилди. Шунингдек, Давлат хизматлари марказларда электрон рақамли имзо бериш хизмати ҳам кўрсатилмоқда.
Бугун жойлардаги Давлат хизматлари марказлари орқали аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг кундалик муаммоларига тезкорлик билан ечим топилмоқда. Бу юртдошларимизга беқиёс қулайликлар яратилгани, халқимизга замонавий ва инновацион хизмат кўрсатишнинг истиқболли тизими ишга тушганидан далолат беради.
Мусажон Каримов,
Давлат хизматлари агентлиги
Тошкент вилояти бошқармаси
бош маслаҳатчиси