Уч нафар ходим ишга қайта тикланди
Фуқаролар М.П., М.Ж. ва Т.Ш. “Тахиатош тумани сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасида ишлаб юриб, 2024 йилнинг 4 апрель куни асоссиз равишда ишдан бўшатилган.
Ушбу ишчилар фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманлараро судига мурожаат қилишган. Суд уларнинг даъвосини тўлиқ қаноатлантириб, ишга тиклаш ҳақида қарор қабул қилган.
Қарорга асосан фуқаролар М.П., М.Ж. ва Т.Ш. “Тахиатош тумани сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасида гидротехник иншоотлар кузатувчиси лавозимига жорий йил 4 апрель кунидан ишга қайта тиклаш белгиланган. Шунга қарамасдан, жавобгар “Тахиатош тумани сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси томонидан ушбу суд қарори ижроси таъминланмаган ва собиқ ишчилар ўз иш ўринларига қайта тикланмаган.
Ҳодимлар суд қарорига асосан чиқарилган ижрони таъминлаб беришни сўраб, Мажбурий ижро бюроси Тахиатош туман бўлимига мурожаат қилган. Бўлим томонидан ижро иши қўзғатилиб, ҳаракатга киришилди. Хусусан, бўлим давлат ижрочиси томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида, фуқаролар М.П., М.Ж. ва Т.Ш. жорий йилнинг 30 октябрь куни “Тахиатош тумани сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси бошлиғининг буйруғига асосан аввалги иш ўринларига қайта ишга тикланди ва суд қарори ижроси амалда таъминланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.