Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғиз Республикалари сув ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида навбатдаги учрашувни ўтказди.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, кеча, 7 сентябрь куни Чўлпон-Ота шаҳрида ушбу мамлакатларнинг энергетика ва сув хўжалиги вазирлари иштирокида ишчи йиғилиш бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида куз-қиш мавсумида сув-энергетика тизимининг барқарор фаолият кўрсатишини таъминлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар сув ресурслари ва энергия таъминоти билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳамкорликда ҳал қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Қайд этилганидек, уч мамлакатнинг сув-энергетика соҳасидаги яқин ҳамкорлиги минтақада барқарор ривожланиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Музокаралар якунида доимий ишчи гуруҳ йиғилишларини ўтказиб туриш бўйича келишувга эришилди ва тегишли баённомалар имзоланди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА