Уч боксчимиз Бразилияда финал йўлланмаси учун жанг қилади
Бразилиянинг Фос ду Игуасу шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида “World Boxing” ташкилоти кубогининг биринчи босқичида ўзбек чарм қўлқоп усталари муваффақиятли иштирок этмоқда.
Жумладан, вазни +90 кг. бўлган Жаҳонгир Зокиров мусобақадаги иккинчи жангини Болгария вакили Ёрдан Морежонга қарши ўтказди ва 5:0 ҳисобида зафар қучди. Шу тариқа ярим финалга чиққан чарм қўлқоп устамиз бугун финал остонасида арманистонлик Давид Чалоянга қарши рингга кўтариладиган бўлди.
Истеъдодли боксчимиз Навбаҳор Ҳамидова -65 кг. вазнда мезбон Беатриз Гомесга қарши баҳс олиб борди ва рақибини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Энди Навбаҳор бугун ташкил этиладиган ярим финал жангида англиялик Саша Хикейга қарши жанг қилади.
Шунингдек, 25 апрель кунги ярим финал дастурида вазни 48 килограммгача бўлган боксчилар ўртасида Фарзона Фозилова испаниялик Марта Лопес Дел Арболга қарши беллашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА