English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уч авлод вакилларининг учрашуви катта аҳамиятга эга

Жиззах вилояти суди ташаббуси билан Жиззах юридик техникумида ўтказилган “Уч авлод учрашуви” тадбири замонавий ҳуқуқий ислоҳотлар, касбий анъаналар ва келажак авлод тарбияси мавзулари атрофида кечиб, самарали мулоҳазалар майдонига айланди.

Тадбирда суд органлари фахрийлари, амалдаги судьялар ҳамда юридик техникум ўқувчилари иштирок этишди. 

Ушбу учрашувни Жиззах вилояти суди раиси Акрам Шукуров очиб, уч авлод вакилларининг бир жойда тўпланиши ёшларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, суд органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлашда ғоят муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Фуқаролик жамияти барпо этишда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан, Ғаллаорол туманлараро иқтисодий суди раиси Фурқат Музаффаров ўқувчиларга суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган янгиланишлар ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича маълумот берди.

Учрашувда иштирок этган суд фахрийлари ўзларининг йиллар давомида орттирган ҳаётий ва касбий тажрибалари борасида сўзлаб беришди. Улар адолатни қарор топтириш, қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини ҳимоя қилиш каби муқаддас тамойилларнинг ҳаётда тутган ўрнига ҳам тўхталиб ўтишди. Айниқса, судьялик касбида садоқат, ҳалоллик ва масъулият каби юксак инсоний фазилатлар жуда муҳим эканлигини алоҳида қайд этишди. 

Мулоқот савол-жавоб тарзида, очиқ ва самимий муҳитда ўтди. Техникум ўқувчилари ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар бўйича тўғридан-тўғри судьялар ва фахрийлардан батафсил жавоблар олиш имконига эга бўлишди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА