"U19" жаҳон чемпионати: боксчиларимиздан бешта ғалаба
Черногориянинг Будва шаҳрида бокс бўйича "U19" жаҳон чемпионати қизғин давом этмоқда. Мусобақанинг навбатдаги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари бир қатор ғалабаларга эришди.
Жумладан, -85 кг. вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Сардорбек Баҳромхўжаев грузиялик Зураб Оболадзега қарши рингга кўтарилди. Ҳамюртимиз иккинчи раундда техник нокаут эвазига ғалаба қозонди. Вазни -75 кг. бўлган Суҳроб Раҳматуллаев украиналик Костиантин Халицкини ҳакамларнинг якдил қарори билан 5:0 ҳисобида таслим этди. -90 кг вазн тоифасидаги Асадбек Султанбоев литвалик Даумантас Вискасни биринчи раундда техник нокаут учратиб, ўз ғалабасини нишонлади.
Қизлар орасида -60 кг. вазн тоифасида ўтаётган беллашувларда Севара Маматова словакиялик Каролина Колларовага қарши жангда 5:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, -70 кг. вазнда Мафтуна Янгиева хитойлик Венжун Ченни енгди. Афсуски, Аселя Тўлегенова ўз вазн тоифасида хитойлик Янруи Гуога имкониятни бой бериб қўйди.
Бугун мусобақа доирасида қуйидаги боксчиларимиз рингга кўтарилади:
-70 кг: Зулфикор Адҳамжонов — Ҳакан Арда Илғун (Туркия);
-55 кг: Элёр Рустамов — Мануэль Буэно Ходар (Испания);
-65 кг: Жаҳонгир Зайнидинов — Яшуа Флемминг (Англия);
-60 кг: Муҳаммад Ризо Ўқимов — Никола Богатиноски (Сербия);
-80 кг: Аброрбек Шарипов — Тимур Караиван (Украина);
-51 кг (аёллар): Назокат Мардонова — Кубра Чичек (Туркия);
-75 кг (аёллар): Самира Турғунова — Стефани Амарал (Бразилия).
Эслатиб ўтамиз, “World Boxing” ташкилоти томонидан ўтказилаётган “U19” жаҳон чемпионати 27 октябрь кунига қадар Будва шаҳрида бўлиб ўтади. Унда 69 мамлакатдан 474 нафар боксчи 20 та вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА