TXIF-2026: 12 миллиард доллардан ортиқ бўлган энергетика портфели бўйича лойиҳалар ижроси кўриб чиқилди
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоқларида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Энергетика соҳасида инвестицияларни жалб қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш ушбу мулоқотларнинг асосий йўналишларидан биридир.
Шу доирада Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян билан учрашув ўтказди. Музокаралар чоғида умумий қиймати 12 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган инвестиция портфели доирасида амалга оширилаётган энергетика лойиҳаларининг бугунги ҳолати муҳокама қилинди. Шунингдек, соҳада истиқболли ҳисобланган янги ташаббусларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, молиявий моделларини шакллантириш ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда мамлакат энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш, энергия манбалари таркибини диверсификация қилиш ва замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, қайта тикланувчи энергия лойиҳаларини жадаллаштириш орқали энергетик хавфсизликни янада мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан бири экани таъкидланди.
Томонлар амалга оширилаётган лойиҳаларнинг самарадорлигини ошириш учун ташкилий ва инфратузилмавий масалаларни тезкор ҳал этиш зарурлигини қайд этди. Шу муносабат билан Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги лойиҳалар бўйича ер билан боғлиқ масалаларнинг ҳал этилгани юқори баҳоланди.
Учрашув якунида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш жараёнларини жадаллаштириш, қурилиш ишлари суръатини ошириш ҳамда ишга туширилган электр станцияларини бошқаришда Миллий диспетчерлик маркази билан ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида энергетика соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакат энергетика тизимининг барқарор ва замонавий ривожланишига кенг йўл очади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА