"Турон йўлбарслари”: ғолиблар аниқланди
Нукусда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Турон йўлбарслари” ҳарбий-спорт мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақа ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, ҳарбий-амалий кўникмаларни шакллантириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ҳудудлардан сараланган жами 21 та жамоа ўзаро куч синашди. Иштирокчилар бир нечта мураккаб ва масъулиятли шартлар асосида беллашди. Хусусан, “Темур тузуклари” билимдони шарти орқали ўқувчиларнинг тарихий билими ва мантиқий тафаккури синовдан ўтказилди. Камондан ўқ отиш, спорт қуролидан нишонга аниқ зарба бериш, қуролни тўлиқ бўлмаган қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш каби ҳарбий-амалий йўналишдаги беллашувлар эса ёшларнинг чаққонлиги, аниқлиги ва жисмоний тайёргарлигини намоён этди. Шунингдек, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш шарти орқали фавқулодда вазиятларда тўғри ва тез ҳаракат қилиш кўникмалари баҳоланди.
Мусобақа давомида жамоалар ўзаро ҳамжиҳатлик, интизом ва юксак масъулият намунасини кўрсатди. Ҳар бир шарт ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатли ва шаффоф мезонлар асосида баҳолаб борилди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунида энг кучли жамоалар аниқланди. Якуний натижаларга кўра биринчи ўринни Нукус шаҳридаги Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабининг “Лочинлар” жамоаси, иккинчи ўринни Қораўзак тумани ихтисослаштирилган мактабнинг “Тербенбес” жамоаси, учинчи ўринни Нукус шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернат жамоаси эгаллади.
Ғолибликни қўлга киритган “Лочинлар” жамоаси мусобақанинг Ўзбекистон Республикаси босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.