"Турон" кутубхонасидаги маърифий учрашув
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти томонидан “Турон" кутубхонаси ва Aбдулла Қодирий ижод мактаби билан биргаликда “Қарамлик, қатағон ва миллат” умуммиллий илмий йиғини ташкил этилди.
Илмий йиғин аввалида Тарих институти директори, академик Aзамат Зиё бугунги илмий йиғин аҳамияти, миллий озодлик йўлида сиёсий фаолият олиб борган жадидларимизнинг ва жадидчилик фаолиятининг мақсади ҳақида батафсил сўзлади.
Тарих институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов "Туркистон жадидчилигининг мазмун-моҳияти. Совет ҳокимиятининг "катта террор" сиёсати" маърузасида совет ҳокимиятининг геноцид сиёсати, 1938 йилги қатағон ҳақида маълумотлар берди.

Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тарих фанлари доктори Дилноза Жамолова "Жадидчилик ва "ўзбек тили" қатағони" мавзусида сўзга чиқиб, жадидларнинг она тилини сақлаш борасидаги ҳаракатлари, мактабларда она тилини ўқитиш масаласи, "Чиғатой гурунги" ва Ўзбек тили қатағони ҳақида фикр билдирди.
Мулоқот давомида эътироф этилганидек, кейинги йилларда миллий тарихимизнинг ўқилмаган саҳифаларини батафсил ўрганиш йўлида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Бундай эзгу маърифий ишларга Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Ватанимиз ўтмиши, айниқса, унинг ҳали ўқилмаган саҳифаларини тадқиқ этиш, ушбу изланишлар натижасини ёшларга равон, ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Жойлардаги олий ўқув юртлари, мактаблар, кутубхоналар, маҳаллаларда тарихчи олимлар иштирокида мулоқотлар, жадид боболаримиз ҳаёти ва ижодига, фаолиятига бағишланган давра суҳбатлари, анжуманлар, илмий йиғинлар тизимли тарзда ўтказилаётир.
Буларнинг бари Ватанимиз тарихини тўлақонли англаш, тинч, осуда, эркин ва ёруғ ҳаётнинг қадрига етишга ундайди.
Н.Усмонова,
ЎзА