Турмушимиз ободлиги кўзгуси
Яқинда ширинликлар сотадиган дўкон ёнида сотувчини алқаб дуо қилаётган, набирасига насиҳатлар айтаётган онахонни учратдим. Фарғоналик Гулсанам Ғуломова олти фарзандини уйли-жойли, эл корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказган. Қувончли кунлар шукуҳи, эртанги кунга ишончи юз-кўзларида намоён.
– Бир вақтлар озиқ-овқат маҳсулотлари ўлчаб бериларди. Навбатда турардик. Аммо у оилага қанча кунга етади – буни аниқ билмасдик, – дейди онахон. – Бугун на озиқ-овқат, на кийим-кечак учун навбат кутишга эҳтиёж йўқ. Истаган маҳсулотингизни харид қилишингиз мумкин.
Дарҳақиқат, бир пайтлар фақат байрамлардагина харид қилиш насиб этадиган ноз-неъматлардан бугун аҳолининг доимий баҳрамандлиги оддий ҳолга айланди. Бу фаровон ва тўкинлик, турмушимиз тобора обод бўлиб бораётгани шарофатидир.
Мамлакатимизда аҳолининг истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжини тўла таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш саноатини ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш юзасидан олиб борилган изчил ислоҳотлар ўз самараларини бермоқда.
2014 йилда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 9,4 фоиз, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,7 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 10 фоизга ўсгани бунинг яққол далилидир.
Бугунги кунда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш жадал ривожланаётган тармоқлардан бирига айланди. Мамлакатимиз бўйича ўнлаб компания, хусусий фирма ва қўшма корхоналар қандолат маҳсулотлари тайёрлаш билан шуғулланмоқда. Натижада бозор расталари, савдо марказларидан ширинликларнинг истаган хилини топасиз.
Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 31 октябрдаги “2012-2015 йилларда республика озиқ-овқат саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қайта ишлаш корхоналарини барпо этиш, фаолиятини такомиллаштиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Пойтахтимизнинг Учтепа туманида жойлашган «Xonzoda» масъулияти чекланган жамиятида ҳам қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми тобора ошмоқда. Цехларнинг замонавий технологиялар билан жиҳозлангани корхонада сифатли ва харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятини бермоқда. Бу саъй-ҳаракатлар самарасида корхона маҳсулотлари қисқа муддатда ўз харидорларини топиб улгурди.
Яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланаётган корхона раҳбари Азиз Мираҳмедов тадбиркор сифатида ўн беш йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Ёшларни иш билан таъминлаш, аҳоли фаровонлигини оширишдек хайрли ишларни амалга оширмоқда.
Корхонада дастлаб тўрт хил ширинлик тайёрланган бўлса, бугунги кунда замонавий технологиялар асосида элликдан зиёд турдаги сифатли қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Ишчилар сони ҳам ўттиз нафардан ошди. Бу ерда «устоз-шогирд» мактаби йўлга қўйилиб, йигит-қизларнинг ҳунар ўрганиши, хусусан, коллежлар ўқувчиларининг ўз билимини мустаҳкамлаши учун барча шароит яратилган.
– Давлатимиз раҳбари тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бу йўлдаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш масаласига доимий эътибор қаратиб келмоқда, – дейди А.Мираҳмедов. – Бу бизни чексиз руҳлантиради. Айни пайтда истеъмолчиларга сифатли ва бугунги кун талабларига мос маҳсулотлар тақдим этишга ундамоқда.
Мазкур корхонада тайёрланаётган ширинликлар хуштаъм ва бежирим қадоқлангани билан харидорларга манзур. Маҳсулот сифатига катта эътибор қаратилгани ҳолда, уни тайёрлашда юқори сифатли хомашёдан фойдаланилаётир.
– Замонавий технологияларнинг ишлаб чиқаришга жорий этилгани маҳсулот сифатини оширишда қўл келмоқда, – дейди технолог-мутахассис Шокир Абдужабборов. – Бугунги истеъмолчининг диди нозик, қолаверса, саноатнинг ривожланаётганлиги боис танлаш имконияти ҳам кенг. Шу сабаб фаолиятимизни мунтазам такомиллаштириб бормоқдамиз.
Ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятининг такомиллашуви, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка қаратилаётган эътибор бозорларимиз тўкинлигига, турмушимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилаётир.