TURKSOY бош қароргоҳида тақдимот ўтказилди
Халқаро туркий маданият ташкилоти – TURKSOY Доимий кенгашининг 2025 йилда Қозоғистоннинг Актау шаҳрида бўлиб ўтган 42-йиғилишида Андижон шаҳри 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти деб эълон қилиниб, Андижон вилояти ҳокимлиги вакилларига махсус сертификат топширилган эди.
Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган TURKSOY бош қароргоҳида ана шу мақом доирасидаги дастлабки тадбир – Андижон тақдимотига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда Андижоннинг бой тарихий-маданий мероси, санъат ва анъаналари намойиш этилди. Шунингдек, 2026 йил давомида амалга оширилиши режалаштирилган маданий дастурлар бўйича маълумотлар тақдим этилди.

Маълумот ўрнида: TURKSOY Доимий кенгаши қарори билан ҳар йили туркий тилли давлатлардаги шаҳарлардан бири “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилинади. Бундай мақомга эга бўлган шаҳарда ҳамда ташкилотга аъзо давлатларда қатор маданий тадбирлар, фестиваллар, илмий анжуманлар, учрашувлар ташкил этилади. Бу орқали миллий маданият халқаро миқёсда кенг тарғиб этилади, қолаверса, ана шу тадбирлар сайёҳлар оқимининг ортишига, туризм ривожига ҳам хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Хива шаҳри туркий дунёнинг маданият пойтахти деб эълон қилиниб, кўплаб маданий тадбирлар ўтказилган эди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА