Малайзия давлатининг нуфузли “Matta”, “Papu”, “Bumitra” туристик ассоциацияси раҳбарларидан иборат 28 нафар туркомпания вакиллари хизмат сафари билан Жиззах вилояти Зомин туманига келди.
Тошкентдан “Афросиёб” тезюрар поездида келган меҳмонлар Зомин тумани Даштобод шаҳарчаси вокзалида тантанали кутиб олинди.
[gallery-24193]
Нуфузли туркомпания вакиллари Зомин туманининг гастрономик туризм салоҳияти билан яқиндан таништирилди. Қозон патири ва тандир гўштини тайёрлаш жараёнлари, ўзига хос мазали Зомин таомлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Зоминнинг бетакрор табиати, қалин арчазор билан қопланган виқорли тоғлари, шифобахш иқлими ва зилол сувлари, “Суффа – 2400” платосида жойлашган замонавий меҳмонхоналар, осма дор йўли, “Бахт кўприги”, “Туз ғори” каби туризм объектларига меҳмонлар катта қизиқиш билдирди. Улар барча объектларни фото ва видео лавҳаларга муҳрлашди.
Меҳмонлар Зоминнинг бетакрор туристик салоҳияти ва имкониятларини кенг тарғиб қилиш орқали унинг биринчи рақамли саёҳат манзилига айланишига ишонч билдиришди.
А.Қаюмов, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбири